Номаълум шахс Нидерландия ва Польша Бош вазирларига тутунли граната улоқтирди (видео)
Олам
−
05 Май 6739 2 дақиқа
Бугун, 5 май куни номаълум шахс Нидерландия Бош вазири Дик Схоф ва Польша Бош вазири Дональд Тускка Нидерландиянинг Вагенинген шаҳрида бўлиб ўтган мемориал тадбирда чиқиш қилаётган чоғда тутунли граната улоқтирди. Бу ҳақда Польша телевидениеси хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа 5 май куни Нидерландияни фашистлар истилосидан озод этиш кунига бағишланган маросимда содир бўлган. Видеолавҳаларда Туск сўзлаётган вақтда саҳнага қизил тутун чиқарувчи граната улоқтирилганини кўриш мумкин. Воқеадан сўнг хавфсизлик ходимлари Польша Бош вазирини дарҳол хавфсиз жойга олиб кетган.
Гумонланувчи кимлиги ва қўлга олинган-олинмагани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Дональд Туск воқеадан кейин ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилиб, баёнот берди.
“Мен Польша ахборот маконини тинчлантирмоқчиман. Ҳеч қандай ёмон нарса юз бермади. Кимдир тутунли граната улоқтирди. Эҳтимол, бу Ғазо ва Фаластин масаласи бўйича норозилик билдираётган шахсдир. Польшада ҳам одамлар турли ҳиссиётларга эга, турли қарашларга эга”, дея изоҳ билдирган у.
Шу билан бирга, Туск бу ҳаракатни “ножоиз ва номақбул хатти-ҳаракат” деб атаган.
Телеканалга кўра, ҳодисадан олдинроқ айнан Вагенингенда Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишчилар Нидерландия Мудофаа вазири Рубен Брекелманснинг чиқишини бузиб, “Фаластинга озодлик!” деган шиорлар айтиб, ҳайқирган. Полиция бу ҳолатда 5 кишини ҳибсга олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбулда номаълум шахс Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси (CHP) раиси Ўзғур Ўзел Отатурк маданият марказидаги хотира тадбиридан чиқиб кетаётганда унинг юзига тарсаки туширганди.
Live
Барчаси