Нодавлат ОТМлар учун грант миқдори оширилади
Жамият
−
03 Февраль
78452024 йилда Ўзбекистонда нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотларида давлат гранти учун ажратиладиган квоталар сони оширилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Вазирликка кўра, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаларида кундузги таълим шакли учун ажратиладиган давлат гранти миқдорини бу йил 1 минг 200 тага етказиш режалаштирилган. Бу шу вақтгача ҳар йили нодавлат ОТМлар учун ажратилиб келинган мингта квотага солиштирганда 20 фоизга кўп.
Ушбу ўзгариш 2024 йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалий тадбирлар режаси 7-мақсад 13-бандида келтириб ўтилган. Ҳозирда ушбу дастур лойиҳаси муҳокама учун тармоққа жойланган.
Маълумот учун, олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган, республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари ва нодавлат ОТМларининг бакалавриат босқичи талабалари учун стипендияларни тайинлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 226-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади. Стипендия соҳибларига белгиланган миқдордаги стипендия уларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъий назар тайинланади ва тўланади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда давлат гранти учун 34 минг 930 та ўрин ажратилганди.
LiveБарчаси