Нигерда намойишчилар Франция элчихонасига ҳужум қилмоқчи
Олам
−
02 Сентябрь 2023
5415Франциянинг Нигердаги элчихонаси олдидаги оммавий митинг иштирокчилари, агар Франция элчиси яқин бир неча соат ичида мамлакатни тарк этмаса, дипломатик миссия биносига бостириб кириши билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳақда “Al Hadath” телеканали хабар берди.
Ниамейдаги намойишчилар бинони қўриқлаётган Нигер ҳарбийлари ва полицияси кўз олдида элчихона атрофидаги темир истеҳкомларни бузиб ташлашган.
Қайд этилишича, намойишчилар сони аввалги кунларга қараганда анча кўп, улар баланд овозда Францияга қарши шиорлар айтмоқда.
Гап шундаки, кеча, 1 сентябрь куни исёнчилар томонидан тузилган Нигер Ички ишлар вазирлиги Франциянинг Ниамейдаги элчиси Сильвен Иттедан Африка мамлакати ҳудудини тарк этишни яна талаб қилган. Дипломатга 48 соат вақт берилган. Вазирликнинг даъвосича, Франция элчиси ва унинг рафиқаси Нигерда ноқонуний ҳолатда бўлиб турибди.
Қайд этиш жоизки, исёнчилар 25 август куни ҳам Франция элчисидан мамлакатни тарк этишни талаб қилган, бироқ дипломат янги ҳокимият вакиллари билан учрашишдан бош тортган ҳолда Ташқи ишлар вазирлиги чақирувига жавоб бермаган.
Ўз навбатида, Франция Ташқи ишлар вазирлиги исёнчилар элчи Иттега ҳеч қандай талаб қўйиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтган, чунки келишув (элчини қабул қилишга розилик) "Нигернинг фақат қонуний органлари" томонидан берилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Нигерда давлат тўнтаришини амалга оширган ҳарбийлар томонидан тузилган “Ватан мудофааси бўйича миллий кенгаш” 3 сентябргача Франция қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилганди. Айримлар 1,5 мингга яқин француз ҳарбий хизматчилари жойлашган базага электр ва сув таъминотини, шунингдек, озиқ-овқат таъминотини тўхтатишни сўраганди.