“Ғазодаги воқеаларга бефарқ эмасмиз” – Мелбурнда минглаб намойишчилар тўпланди
Олам
−
20:58 463 2 дақиқа
Исроил Президенти Ицхак Герцогнинг Австралияга ташрифи якунига етар экан, Мелбурн кўчаларида минглаб фаластин тарафдорлари йиғилди. Аввалроқ Канберрада норозилик акциялари ўтказилган, Сиднейдаги намойишлар эса полиция билан тўқнашувларга айланиб, 27 киши ҳибсга олинган эди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Етакчи Бош вазир Энтони Албаниз таклифига биноан, декабрь ойида Сиднейдаги Ҳанукка тадбирида 15 кишининг ўлимига сабаб бўлган отишмадан кейин мамлакатга ташриф буюрган.
Мелбурн марказида йиғилган оломон Фаластин байроқларини кўтарганча, маҳсус кийимларда кўриниш берди. Намойишчилар БМТ комиссиясининг Ғазодаги воқеалар юзасидан чиқарган хулосаларига таяниб, Исроил раҳбариятини, жумладан Герцогни ҳам тинч аҳоли ўлимларига алоқадорликда айбламоқда. Исроил томони бу айбловларни қатъиян рад этмоқда.
Айримлар Ғазодаги вайронагарчилик уларни бефарқ қолдирмаганини айтиб, ҳукуматни қатъийроқ позицияда бўлишга чақирди. Шу куни Мелбурн университети ҳудудида президентнинг ўлимига чақирувчи граффит пайдо бўлгани маълум қилинди, ҳолат юзасидан полиция текширув бошлаган. Унинг намойишлар билан боғлиқлиги тасдиқланмаган.
Герцог эса Австралияда “қўрқинчли даражадаги антисемитизм” мавжудлигини таъкидлаб, ўзига қўйилаётган геноцид ҳақидаги айбловларни “ёлғон” деб атади. У Мелбурндаги яҳудийлар жамоаси тадбирида кучли полиция назорати остида сўзга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, кеча АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху билан учрашди. Ёпиқ эшиклар ортида ўтган суҳбат давомида Нетаньяху Трампни Эроннинг нафақат уранни бойитишини тўхтатиш, балки баллистик ракета дастури ҳамда ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” каби гуруҳларни қўллаб-қувватлашини чекловчи кенг қамровли келишувга эришишга ундаган. Томонлар ўртасидаги мулоқот деярли уч соат давом этган. Трамп учрашувдан сўнг, ҳеч қандай матбуот анжумани ўтказмаган.
Мусулмон Содиқ
Live
Барчаси