Нетаньяхуни ҳибсга олмаган Венгрия ХЖСдан чиқмоқчи
Олам
−
03 Апрель
8431Венгрия Халқаро жиноий суддан (ХЖС) чиқади. Бу ҳақда Венгрия Бош вазири маъмурияти раҳбари Гергей Гуйяш маълум қилди.
Қайд этилишича, тегишли қарорни Венгрия ҳукумати қабул қилган. Гуйяшнинг сўзларига кўра, Венгрия конституцияси ва халқаро-ҳуқуқий меъёрларга мувофиқ ваколатларни тўхтатиш тартиби бугун, 3 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан бошланади.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан мамлакат нима сабабдан ХЖСни тарк этишга қарор қилганини аниқлаштирган.
“ХЖСнинг сўнгги қарорлари унинг сиёсий қуролга айланганини кўрсатмоқда. Венгрия Адлия вазири суд билан ҳамкорлигимизни тўхтатиш учун миллий парламентга ҳужжатларни тақдим этади. Биз ХЖСни тарк этамиз”, деган у.
Венгрия ХЖСдан чиқиш тўғрисидаги қарорни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг мамлакатга ташрифи фонида қабул қилган.
3 апрель куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ХЖС буйруғига қарамай Венгрияга келганди.
2024 йил 21 ноябрда ХЖС Нетаньяху ва Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторидаги ҳаракатлари учун ҳибсга олишга ордер берди. Ўшанда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан бу қадамни кескин қоралаган ва Нетаньяхунинг Гаага талабини эътиборсиз қолдириб, уни Будапештга таклиф қилишга ваъда берганди.
1 апрель куни “Озодлик” радиосининг венгер хизмати Венгрия Адлия вазирлиги раҳбари Бенце Тужонга таяниб, Будапешт хорижий дипломатларни ХЖСдан чиқиши ҳақида хабардор қилганини маълум қилди. Журналистларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бутун жараён бир йилгача давом этиши мумкин.
Маълумот учун, Венгрия 2001 йилда ХЖС тўғрисидаги Рим статутини имзолаган.
LiveБарчаси