Нетаньяху Тўқаевга Қозоғистон Иброҳим келишувларига қўшилгани учун раҳмат айтди
Олам
−
10 Январь 16228 2 дақиқа
Бугун, 10 январь куни Исроил томони ташаббуси билан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, суҳбат давомида томонлар Қозоғистон ва Исроил ўртасидаги кўп йиллик ва кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган. Икки томонлама ва кўп томонлама кун тартибидаги масалаларнинг кенг доираси бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ўзаро тайёрлик тасдиқланган.
Алоҳида қайд этилишича, Биньямин Нетаньяху Қозоғистоннинг Иброҳим келишувларига қўшилиш ҳақидаги қарори учун Қосим-Жомарт Тўқаевга чуқур миннатдорлик билдирган. Исроил Бош вазири бу қадамни жасоратли ва узоқни кўзлаб қилинган қарор, деб атаб, унинг тинчлик, барқарорлик ва халқаро мулоқотни мустаҳкамлашдаги муҳим аҳамиятини таъкидлаган.
Шунингдек, юқори даражадаги ташрифларни ташкил этиш мақсадида фаол алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилган.
Маълумот учун, Иброҳим келишувлари (Abraham Accords) Исроил ва 4 та араб давлати ўртасида тузилган шартнома бўлиб, минтақадаги қўшнилар ўртасида тинчлик ғояси ва муносабатларни нормаллаштиришни англатади. Ҳужжат Дональд Трампнинг ташаббуси билан унинг биринчи президентлик даврида – 2020 йил 15 майда Баҳрайн, Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида имзоланган. Ўша йилнинг ўзида Марокаш ва Судан ҳам мазкур келишувга имзо чеккан.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ноябрь ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп Қозоғистон Иброҳим келишувларига қўшилишини эълон қилган эди.
Live
Барчаси