Нетаньяху Ғазога янги ҳужум бошлашини эълон қилди
Олам
−
11 Август 4369 3 дақиқа
Кеча, 10 август куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторига тез орада янги ҳужумни бошланишини эълон қилиб, уни “нисбатан тез” якунлашни режалаштираётганини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нетаньяхунинг билдиришича, Исроилда “ишни тугатиш” ва гаровга олинганларни озод этиш учун ҲАМАСни енгишдан бошқа иложи йўқ. Янги ҳужум ҲАМАСнинг қолган икки таянч нуқтасини йўқ қилишга қаратилган.
Ҳужум қачон бошланиши ҳозирча номаълум, бироқ Исроил Бош вазири бу учун “жуда қисқа муддат” белгиланганини айтган.
“Аввало, биз хавфсиз ҳудудларни яратишни истаймиз, шунда Ғазо шаҳрининг тинч аҳолиси у ерни тарк этиши мумкин бўлади”, дейди у.
Нетаньяху, шунингдек, унинг мақсади Ғазони босиб олиш эмаслигини билдирган.
“Биз чегарамиз яқинида хавфсизлик камари бўлишини истаймиз, лекин Ғазода қолишни хоҳламаймиз”, деган у.
Қайд этиш жоиз, кеча, 10 август оқшомида анклавнинг энг зич аҳоли яшайдиган маркази – Ғазо шаҳри Исроил ҳаво ҳужумларига учради. Камида 5 киши ҳалок бўлди. Фаластин оммавий ахборот воситалари ракета шифохона яқинидаги журналистлар чодирига тушганини хабар қилди. Шифохона раҳбари Муҳаммад Абу Саламия эса “Al Jazeera” телеканалига у ерда 7 киши ҳалок бўлганини айтган. Телеканал матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳужумда 5 нафар ходим, жумладан, журналистлар Анас ал-Шариф ва Муҳаммад Крейке, шунингдек, 3 нафар фотомухбир вафот этган.
Исроил ҳарбийлари аш-Шарифни ҲАМАСнинг ўзини журналист сифатида кўрсатган гуруҳ раҳбари бўлганини, бу эса Ғазода топилган разведка маълумотлари ва ҳужжатлар билан тасдиқланганини иддао қилмоқда. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари у Ғазо уруши бўйича фронт чизиғидан олиб борган репортажлари сабаб ҳужумга учраганини айтмоқда.
Эслатиб зтамиз, жорий йилнинг 8 августга ўтар кечаси Исроил ҳукумати ҲАМАС ҳаракатини “мағлубиятга учратиш” ва Ғазо шаҳри устидан назорат ўрнатиш режасини маъқуллаганди. Бу қарор Исроилнинг юқори мартабали амалдорларининг тунги учрашувидан сўнг – урушни тўхтатиш бўйича халқаро чақириқлар кучайиб бораётганига ва ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар тақдиридан қўрққан кўплаб исроилликларнинг норозиликларига қарамай қабул қилинган.
Шундан сўнг, дастлаб Исроил мухолифати ҳукуматнинг ушбу режасини кескин танқид қилди. Хусусан, мухолифат етакчиси Яир Лапид Вазирлар Маҳкамасининг Ғазони эгаллаш ҳақидаги қарори “кўплаб бошқа муаммоларга олиб келиши”ни айтди.
Кейинроқ эса ушбу қарор ортидан Германия “кейинги хабаргача” Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатди. Бироқ Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) партиясидан бир қатор депутатлар Германия канцлери Фридрих Мерцнинг ушбу қарорини кескин танқид қилди.
Жорий йилнинг 9 август куни эса Германия, Италия, Буюк Британия, Австралия ва Янги Зеландия Исроил ҳукуматининг Ғазо шаҳрини назоратга олишни кўзда тутувчи янги ҳужум амалиётини бошлаш қарорини қоралаб, қўшма баёнот билан чиқди.