Нега ФВБ 9-қаватда ёлғиз қулфланиб қолган болани қутқариш учун бормади? Тафсилотлар очиқланди
3-саҳифа
−
02 Июнь 2023
13786Тошкент шаҳрида 9-қаватда ёлғиз қолиб кетган 4 яшар болани қутқариш учун қутқарув хизмати етиб бормагани бўйича масъул бўлган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, воқеа шу йилнинг 23 май куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Тузел-1 массивида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган. Хонадонда катталар назоратисиз ёлғиз қолган 4 ёшли боланинг деразадан осилиб онасини чақираётганини қўшнилар кўриб қолган. Онаси келгунига қадар улар болани тинчлантириб турган ва 1050 қисқа рақамли қутқарув хизматига қўнғироқ қилган. Бироқ орадан 1 соатдан кўп вақт ўтган бўлса ҳам қутқарувчилар воқеа жойига бормаган.
“Ҳозирда қутқарув гуруҳининг мурожаат келиб тушган манзилга ўз вақтида етиб боришига масъул бўлган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи назоратига олинди. Айбдор ходимлар интизомий жавобгарликка тортилади”, дейилган хабарда.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик бўлимига ҳар куни турли вазиятларда қолган ва қутқарувчилар ёрдамига муҳтож бўлган фуқаролардан 400 дан 600 тагача мурожаат келиб тушади.
Бошқарма томонидан қутқарув гуруҳининг ушбу қўнғироқда айтилган манзилга ўз вақтида етиб бормаганлиги жуда кам учрайдиган ҳодиса экани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Яшнобод туманида ёш бола 9-қаватдаги хонадонлардан бирида ёлғиз қолиб кетгани ҳақида видеохабар тарқалганди. Шу уйда яшайдиган қўшнилар 1050 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, қутқарув хизматини чақиргани, аммо улар етиб бормагани бўйича хабар берилганди.