Тошкентда 9-қаватда ёлғиз қолган 4 яшар болани қутқариш учун Қутқарув хизмати келмади (видео)
Жамият
−
01 Июнь 2023
17628Тошкент шаҳри Яшнобод туманида ёш бола 9-қаватдаги хонадонлардан бирида ёлғиз қолиб кетгани, воқеа ҳақида хабар берилган Фавқулодда вазиятлар ходимлари етиб бормагани ҳақида видеохабар тарқалди. Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Маълум қилинишича, Яшнобод туманида кўп қаватли уйнинг тўққизинчи қаватида ёш боланинг деразадан ёрдам сўраб бақиргани овози эшитилган. Бундан хабар топган ўша уйдаги бошқа хонадонлардан қўшнилар чиқиб, болани олиб чиқишга уринган. Аммо у ёлғиз ва қамалиб қолгани учун бунинг имкони бўлмаган.
Воқеа ҳақида зудлик билан 1050 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, манзил ҳақида маълумот берилган. Аммо улар профилактика инспекторини ҳам чақириш кераклигини, чунки уларсиз эшикни бузиб очолмасликларини айтган. Уларга аҳоли тез етиб келишлари кераклиги, инспектор ҳам чақирилишини билдирган.
Қўшнилар томонидан қанчалик ҳаракат қилинмасин қулфланган эшикни очишнинг иложи бўлмаган. Бола эса онасини чақириш учун дераза ёнига бормоқчилигини айтган. Қўшнилардан бири (аёл киши) бола билан гаплашиб, уни қандай бўлмасин чалғитиб туришга, панжарасиз дераза ёнига бормасликка кўндириб турган.
Орадан 1 соат ўтса ҳам Қутқарув хизматидан ҳеч ким келмаган ва бу бўйича ҳеч ким хабар бермаган. Қўшниларнинг билдиришича, қутқарув хизмати боланинг кейинги тақдири билан ҳам қизиқиб кўрмаган.
Бир муддатдан сўнг боланинг онаси топилиб, телефон орқали хабар берилган. 4 ёшли бола соғ-саломат ҳолда онасининг бағрига қайтган.
Тармоқ фаоллари томонидан қутқарув хизматининг бефарқлиги, ушбу ҳолат аянчли якун топиши мумкин бўлгани ҳақида қаттиқ танқид қилинган. Шунингдек, фаоллар бунга ўхшаш ҳолатлар аввал ҳам кузатилганини, ўтган йилларда болаларнинг ўлими билан боғлиқ ҳодисалар ҳам учраганини билдирган.
Маълумот учун, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кўп маротаба уйида ёлғиз қамалиб қолган ёш болаларнинг қутқарилгани бўйича хабарлар эълон қилган эди. Охирги марта жорий йилнинг 27 май куни Самарқанд шаҳар “Сўғдиёна” даҳасидаги кўп квартирали уйнинг хонадонларидан бирида 2 ёшли боласи қолиб кетгани хабар қилинган. Айтилган манзилга етиб борган ФВБ қутқарувчилари махсус асбоб-анжомлар ёрдамида хонадон эшигини очиб, уй ичида қолган қизалоқни онасига соғ-саломат топширган эди.
LiveБарчаси