Назарбоев ва унинг оиласини яна бир “мусибат” кутмоқда

Олам

image

Қозоғистонда мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ва оиласини дахлсизлик ҳуқуқларидан маҳрум этиш талаби билан петиция ташкил этилди. 

Қозоғистоннинг “egov.press” сайтига жойлаштитилган петицияда Нурсултон Назарбоев ва унинг оиласини қуйидаги дахлсизлик ҳуқуқларидан маҳрум қилиш таклиф қилинмоқда: 

•  Қозоғистон Республикасининг 2000 йилда қабул қилинган “Биринчи Президент тўғрисида”ги қонунига кўра, Биринчи Президент ва унинг оиласи дахлсизлиги тўлиқ кафолатланади; 

•  Биринчи Президентни ҳибсга олиш, ҳибсда ушлаб туриш, тинтув қилиш, судга чақириб сўроқ қилиш мумкин эмас; 

•  Назарбоев ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларига тегишли барча мулк дахлсиз ҳисобланади;

•  Элбошининг банк ҳисоб рақамлари дахлсизлиги кафолатланади... Назарбоев ва унинг оиласи бир умрлик давлат ҳимоясида;

•  Элбошининг ҳаёти ва саломатлиги давлат ҳимоясида ва мажбурий суғурта шарти билан кафолатланади; 

•  у давлатдан пенсия олади (президент ойлик маошининг 80 фоизи миқдорида). Назарбоевлар оиласининг у билан бирга яшайдиган ҳар бир аъзосига ойлик нафақа тайинланади.  

“Биз демократик мустаҳкам давлат бўлишга интилаётган “Янги Қозоғистонда оила аъзоларининг даромади шубҳали манбалардан орттирилган бир шахсга бундай катта имкониятларни қонун йўли билан таъминлаб қўйиш катта хато, дея ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, биз Биринчи Президентнинг оила аъзоларига тегишли мол-мулк бўйича суриштирув олиб бориш ва уларни барча дахлсизлик ҳуқуқларидан зудлик билан маҳрум қилишни талаб қиламиз”, дейди петицияни тузишда иштирок этган фаоллар гуруҳи.

Ҳозирча 700 дан ортиқ овоз олган петициянинг кучга кириши у жойлаштирилган сайт қонуний бўлмаганлиги боис сўроқ остида қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 январь куни халққа видеомурожаат билан чиққан Элбоши Қозоғистонда жорий йилнинг илк кунларида содир бўлган қонли тўқнашувлар бошланганидан буён илк маротаба оммага кўриниш берди. Назарбоевнинг видеомурожаати унинг You Tube’даги Матбуот хизмати расмий каналида эълон қилинган. 

Собиқ Президентнинг узоқ муддат оммага кўриниш бермагани турли хил миш-мишларга сабаб бўлди. 

Баъзи манбалар унинг соғлиғи ёмонлашганини, бошқаси унинг мамлакатни тарк этгани ҳақида билдирган. Кўпчилик экспертлар эса собиқ Президентнинг мамлакатнинг ҳозирги раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев билан зиддиятга бориб қолгани ҳақида маълум қилган.

Охирги кунларда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари атрофидаги гап-сўзлар соат сайин ортди. Бунга ҳамоҳанг тарзда охирги машмашалар фонида Назарбоев ва оиласи муносабат билдирмади. Олма-отада эса унинг собиқ қароргоҳига ўт қўйилди, ҳайкали ағдарилди. Мураккаб вазият бироз тин олгач, Назарбоев яна пайдо бўлди. Тўғрироғи, унинг матбуот котиби Назарбоевнинг Нур-Султондалигини айтиб, Элбоши номидан халқни Президент Тўқаев атрофида бирлашишга чақирди. 

Аввалроқ, Қозоғистон собиқ Президентининг кенжа қизи Алия Назарбоева Instagram ижтимоий тармоғидаги аккаунти орқали БААда экани аниқланганди. Бироқ бундан кўп ўтмай, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўчириб ташланди.

2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент видеомурожаат йўллашдан бошқа, ҳозиргача ҳеч ерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Унинг коронавирусга чалингани ва касаллик сабаб таътилда экани айтилди.

Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди. 

Шунингдек, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамалакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилиш факти бўйича ҳибсга олинди. Карим Масимовдан ташқари, МХҚ раисининг собиқ ўринбосари – “А”, Махсус мақсадли хизмат бўлими бошлиғи А.Садиқулов ва МХҚ раиси ўринбосари Д.Ергожинлар ҳам қўлга олинган.

17 январь куни Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Элбошининг жияни – Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Самат Абишни лавозимидан озод этиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Назарбоев

Баҳолаганлар

734

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made