Назарбоев туғилган кунини нишонлаш учун Бодрумга учиб кетди
Олам
−
04 Июль 2022
11730Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевга тегишли самолёт унинг туғилган куни арафасида Туркияга учди. Бу ҳақда “zonakz” нашри ўз манбаларига асосланиб хабар бермоқда.
Қайд этилишича, кеча, 3 июль куни КазТАГнинг вазиятдан хабардор манбаси Назарбоев фойдаланаётган Қозоғистоннинг “Беркут” давлат авиакомпаниясининг Аирбус А320 Нео самолёти Туркияга учганини айтган. Манба Қозоғистоннинг собиқ Президенти туғилган кунини уйда эмас, Туркиянинг Бодрум шаҳрида нишонлашини истисно этмайди.
Эслатиб ўтамиз, 6 июль куни Назарбоев 82 ёшни қаршилайди. Қозоғистонда бу кун мамлакатда давлат байрами бўлган ва авваллари алоҳида миқёсда нишонланадиган Пойтахт кунига тўғри келади. Бироқ, 2022 йил 6 июль ҳолатига кўра, одатдагидан фарқли ўлароқ, кенг кўламли тадбирлар эълон қилинмаган.
Шу билан бирга, жамиятда 6 июлни давлат даражасида нишонлашни бекор қилиш талаблари кўпайиб бормоқда – кўпчилик қозоғистонликлар “Пойтахт куни”ни расмий байрам деб ҳисоблайдилар, лекин аслида бу кун Назарбоевнинг таваллудига бағишланади. Шунингдек, 1 декабрь куни нишонланадиган ҳамда давлат байрами саналган Биринчи Президент кунини нишонлашни бекор қилиш бўйича мурожаатлар ҳам ортган. 30 июнь куни Қозоғистон Халқ партияси парламенти депутати Ёрлан Смайлов ушбу мавзуни шарҳлар экан, пойтахт номини Нур-Султондан Остонага ўзгартириш ва Назарбоев шарафига байрамларни бекор қилиш масаласини фуқаролик жамиятининг ўзи кўтариши кераклигини айтди.
Жорий йилнинг 5 июнь куни Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритишни овоз берувчиларнинг 77,18 фоизи ёки 6,1 миллион киши қўллаб-қувватлади. Сайловчиларнинг 18,66 фоизи ёки 1 миллион 490 минг 470 нафари Конституцияни ўзгартишга қарши овоз берган. МСК маълумотларига кўра, референдумда аҳолининг 68,05 фоизи (8 миллионга яқин фуқаро) қатнашган. Қозоғистонда жами 11,73 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.
Маълумот учун, Қозоғистон Конституцияси матнининг учдан бир қисмига тегишли бўлган жами 33 та ўзгартириш овозга қўйилди. Асосий ўзгартиришлардан бири Конституциядан республиканинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга бағишланган модданинг чиқариб ташланишидир. Тузатишлар қабул қилинганлиги сабабли, у ўзининг кўпгина шахсий имтиёзлари ва Элбоши (миллат етакчиси) мақомини йўқотади, энди унинг ҳуқуқий позицияси собиқ Президентлар тўғрисидаги амалдаги қоида билан тартибга солинади. Назарбоевнинг ўзи Конституциядан унинг номини олиб ташлашни қўллаб-қувватлаган.
Ўзгартиришларда, шунингдек Қозоғистоннинг бир Президенти кетма-кет икки мартадан кўп сайланиши мумкин эмаслиги, шу билан бирга у ўз ваколати муддати давомида партиядан чиқиши кераклиги ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, унинг яқин қариндошларига давлат хизматчиси лавозимларини эгаллаш тақиқланади.
LiveБарчаси