Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум натижалари эълон қилинди

Олам

image

Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритишни овоз берувчиларнинг 77,18 фоизи ёки 6,1 миллион киши қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Қозоғистон Марказий сайлов коммисияси раҳбари Нурлан Абдиров брифинг чоғида маълум қилган.

Қайд этилишича, сайловчиларнинг 18,66 фоизи ёки 1 миллион 490 минг 470 нафари Конституцияни ўзгартишга қарши овоз берган. МСК маълумотларига кўра, референдумда аҳолининг 68,05 фоизи (8 миллионга яқин фуқаро) қатнашган. Қозоғистонда жами 11,73 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.

Аввалроқ, МСК овоз беришнинг дастлабки натижаларини сарҳисоб қилиб, сайлов бюллетенларининг тахминан 1,58 фоизида иккита жавоб (“рози” ва “қарши”) борлигини аниқлаган эди. Бироқ овозларни санашда улар ҳисобга олинмаган. Яна 2,58 фоиз бюллетен яроқсиз деб топилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 июнь куни Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. 

Маълумот учун, Қозоғистон Конституцияси матнининг учдан бир қисмига тегишли бўлган жами 33 та ўзгартириш овозга қўйилди. Асосий ўзгартиришлардан бири Конституциядан республиканинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга бағишланган модданинг чиқариб ташланишидир. Тузатишлар қабул қилинганлиги сабабли, у ўзининг кўпгина шахсий имтиёзлари ва Элбоши (миллат етакчиси) мақомини йўқотади, энди унинг ҳуқуқий позицияси собиқ Президентлар тўғрисидаги амалдаги қоида билан тартибга солинади. Назарбоевнинг ўзи Конституциядан унинг номини олиб ташлашни қўллаб-қувватлаган.

Ўзгартиришларда, шунингдек Қозоғистоннинг бир Президенти кетма-кет икки мартадан кўп сайланиши мумкин эмаслиги, шу билан бирга у ўз ваколати муддати давомида партиядан чиқиши кераклиги ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, унинг яқин қариндошларига давлат хизматчиси лавозимларини эгаллаш тақиқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

87

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг