Найманга сув келди!

Жамият

Атиги бир кунда Найман қишлоғи аҳолиси муаммоси ҳал этилди. Деярли ҳал этилди. QALAMPIR.UZ сайтида “Ташна: қарзга сув олиб ичаётган қишлоқ” сарлавҳаси остида видеолавҳа ва мақола эълон қилинган эди ва мана шу видеолавҳа эълон қилинган куннинг эртасигаёқ Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани тегишли давлат органлари ходимлари Найман қишлоғига етиб борди ва аҳолининг муаммосига дастлабки ечимни берди.

“Маржонбулоқ кони сувидан келган тармоқ қарздорлик бўйича узилган экан. Бу қарздорликни бартараф этиб, айрим жойларда қувурлардаги носозликлар бартараф этилиб, сув келди. Бир кунда тўрт-беш соат оқиб туради. Ҳокимлик, бизнинг “Жиззах сув таъминоти” АЖ раҳбарияти кечаси билан ҳам шу ерда бўлди”, деди “Ўзсувтаъминот” Ғалларол туман филиали бош муҳандиси Шерзод Абдусаломов.

Гап шундаки, Найман қишлоғига ичимлик суви тармоғи ётқизилмаган. Бир неча йиллар олдин “Маржонбулоқ” конига қарашли тармоқдан аҳолига ҳашар йўли билан шартнома асосида ичимлик суви тармоғи тортилган. 

“Найман қишлоғида 200 тадан зиёд хонадонга ҳар ойда 1,5 миллион сўм тўлови бўлган. Ўша тўлов вақтида тўланмагани сабабли тармоқдан узилган. Бу маҳалла еттилигининг ҳамда бизнинг айбимиз билан ўша тармоқдан узилган вақтида тегишли чоралар кўрилмаган. Ижтимоий тармоққа чиққандан кейин камчиликлар, ичимлик суви тармоғидаги носозликлар бартараф этилиб, ичимлик суви таъминлаб берилди”, дея тушунтириш берди Ғаллаорол тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Акбар Мамаражабов.

Аммо масъуллар бу вақтинчалик чора эканини айтиб, яқин кунларда масалага яхшироқ ечим берилиши, яъни ҳар бир кўча, ҳар бир хонадонга ичимлик суви жўмраклари кириб боришини маълум қилди. 

“15 июль  куни QALAMPIR.UZ сайтида Найман қишлоғининг ичимлик суви бўйича видео эълон қилинган эди. Мана шу кеча-кундузда сув билан маҳалламиз вақтинча таъминланди. Худо хоҳласа, юқори ташкилотларга илтимос қилиб қоламиз ва кутиб қоламиз, мана шу ичимлик сувимиз яхши линиялар билан тортилиб, сув иншоотлари қуриб беришини кутамиз”, деди “Мирзабулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Болбек Хурсанов. 

Маҳалла фуқароларидан яна бири шўр сув ичиб юрган даврларини эслаб, қишлоқда сув чиқарилгани учун раҳмат айтди.

“Шўр сув ичиб, касал бўлиб, қон босимимиз, буйрак, ўт, ҳамма жойимиз касал бўлиб, касалдан бошимиз чиқмаётган эди. Мана, чиқарса бўлар экан. Уйда сув ташийдиган болалар йўқ, қизлар чиқиб кетган, ўғиллар ишда. Ўзим, соғлиғимнинг мазаси йўқ. Мана ҳозир сув чиқди, дегандан югуриб келяпман. Иложи бор экан. Шу сувни чиқариб берган ташкилотларга, катта раҳмат. Иложи бўлса, ҳамма кўча-кўчага бўлса, бундан ҳам яхши бўларди.

Ҳозир бу жўмрак бизлардан унчалик узоқ эмас, бу ерга яқинроқ, лекин қишлоқнинг пастки кўчаларига жуда узоқ бўлади, қийин бўлади. Ёш боласи бор, уйда қари ота-оналар бор, уларга қийин. Ҳали ҳам бизники яқинроқ”, дейди сув олишга келган аёл.

Маълум бўлишича, видеоматериалдан сўнг ҳудудга туман ҳокими Жалолиддин Оқбоев, унинг бир қатор ўринбосарлари, “Жиззах сув таъминоти” акциядорлик жамияти раҳбари Ҳамид Ҳасанов етиб келган ва аҳоли вакиллари билан учрашган.

“Масъуллар ваъда берди. Бошқатдан ҳали тортамиз деди. “Қорабулоқ” сувдан, “Хонақоҳ” қишлоғидаги коттежнинг сувидан олиб берамиз деди. Ҳокимнинг ўзи ҳам шу гапни гапирди эрталаб. Туман ҳокими келди, “Жиззах сув таъминоти” акциядорлик жамияти экан, шунинг бошлиғи келди. Туманники бари шу ерда, оқшом билан иш олиб бориб, сувни чиқариб берди. Бу жўмракдан қишлоқнинг охирги уйларигача 1,5 километр чиқади. Мана шу ердан пақирлаб, яна шу аравада олиб ташийди. Лекин барибир ўзимизнинг қишлоғимизда сув бўлди. Энди аввалгидек 7 километр, 23 километр узоққа бормайди, шу сувни ичади”, деди қишлоқ оқсоқоли Акмал Усанов.

Ана, бўлар экан-ку! Аҳолининг муаммоси ҳал этилиши учун йиллар эмас, атиги бир кун кифоя экан-ку! Нима учун бу муаммонинг ҳал этилиши йиллар давомида пайсалга солиб келинган?

“Ҳаммаси маблағга тақалган, маблағ билан боғлиқ. Албатта, бу навбат-навбат билан бўлади. Мана, кейинги йилги дастурга биз таклифларни берганмиз. Албатта, 2026 йил дастурга киритганимизда таклифларимизнинг ичида “Мирзабулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини, Найман қишлоғининг ичимлик суви мавжуд эди. Ҳозир вилоят сув-оқова корхонаси билан боғландик. Улар ҳам ўша камчиликлар бартараф этилиши учун келди. Уларга бугун-эрта биз таклифларни тақдим этамиз. Имкон қадар шу жорий йилда ўша Найман қишлоғини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш чораларини кўрмоқдамиз”, деди Ғалларол туман ҳокими ўринбосари Акрам Мамаражабов.

“Жиззах сув таъминоти” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда Найман қишлоғининг ички ва марказий 6 та кўчасига 7,6 км ички ва 2,9 км марказий қувур тармоғини тортиш бўйича лойиҳа ва таклиф ишлари якунланмоқда. Қурилиш-монтаж ишлари жорий йил якунига қадар амалга оширилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ғаллаорол сув Жиззах Найман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг