Навоийдаги 2 та ёғ-мой корхонасига иш қўзғатилди
3-саҳифа
−
17 Октябрь
3878Навоий вилоятида юқори ликвидли ва монополь турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи ёғ-мой корхоналари томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархларни сунъий оширишга уринилгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Жумладан, вилоятдаги “Forever-service” ва “Кармана Мой Инвест” МЧЖларнинг пахта ёғи, пахта шроти ва пахта шелухаси маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотиш фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказилганда, “Forever-service” МЧЖ томонидан жами 2 миллиард сўмдан ортиқ, хусусан 101,52 тонна пахта ёғи, 191 тонна пахта шроти ва 126,2 тонна пахта шелухаси тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилгани аниқланган. Оқибатда юқори ликвидли ва монополь маҳсулотларни биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда, жами 55 миллион сўмдан ортиқ тафовут юзага келган.
Шунингдек, “Кармана Мой Инвест” МЧЖ томонидан жами 1,1 миллиард сўмдан ортиқ жумладан, 8 ҳолатда 163,7 тонна пахта шелухаси ва 6 ҳолатда 148,7 тонна пахта шроти тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилиши ортидан юқори ликвидли ва монополь маҳсулотларни биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда жами 54 миллион сўмдан ортиқ фарқ аниқланган.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, қўмитанинг махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан ёғ-мой корхоналарига нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-430-сонли қарорига асосан монополь бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган пахта техник чигити, пахта мойи (шу жумладан, экстракция пахта мойи), қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) маҳсулотларини ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилиниши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ истеъмолчилардан 900 миллион сўмга яқин пулларни асоссиз олган тиббиёт муассасалари аниқланганди. Тиббий техника жиҳозларини қиёсловдан ўтказмаган ушбу тиббиёт муассасаларига 44 мингдан ортиқ истеъмолчилардан асоссиз олинган пул маблағларни қайтариш юзасидан кўрсатма берилганди.