Навальнийнинг оиласи унинг ўлимини қандай қабул қилди?
Олам
−
17 Февраль
18020Кеча, 16 февраль куни вафот этган рус мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг ота-онаси ва аёли ушбу фожиага муносабат билдирди.
Мухолифатдаги сиёсатчининг яқинлари унинг ўлими ҳақида расмий тасдиққа эга эмаслигини таъкидламоқда.
Навальнийнинг аёли Юлия Навальная Мюнхендаги хавфсизлик анжуманида минбарга чиқиш ёки чиқмаслик ҳақида ўйлагани ва ўзини Алексейни ўрнига қўйиб кўриб, нутқ сўзлашга қарор қилганини айтди.
"Бу ерга чиқсамми ёки тўғри болаларимнинг олдига қайтиб кетайми, деб узоқ ўйладим. Аммо кейин менинг ўрнимда Алексей нима қилган бўларди, деб ўйладим. Ва ишончим комилки, у шу ерда бўларди. У бу саҳнада бўларди. Россиядаги фақат ҳукумат манбаларидан оладиган даҳшатли хабарга ишониш ёки ишонмасликни билмайман. Чунки кўп йиллар давомида ва буни барчангиз биласиз, биз Путин ва Путин ҳукуматига ишона олмаймиз. Улар ҳар доим ёлғон гапиради. Аммо агар бу рост бўлса, мен Путин, унинг атрофидагилар, Путиннинг дўстлари, ҳукумати мамлакатимиз, оилам ва эрим олдидаги қилган ишлари учун жавобгар бўлишларини билишини истайман. Ва бу кун жуда тез келади", деган Юлия Навальная.
Шунингдек, у бутун дунё ҳамжамиятини, бутун дунёдаги одамларни бирлашишга ва “бу ёвузликни енгиш”га чақирган. Ҳозирги Россияда мавжуд “даҳшатли режимни мағлуб этиш”га ишонишини айтган ва бу режим ва Владимир Путин барча воқеалар учун шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олиши кераклигини таъкидлаган.
Алексейнинг онаси Людмила Навальная эса ўзининг Facebook саҳифасида ўғлининг ўлими ҳақидаги хабарга изоҳ бериб, одамлардан таъзия билдирмасликларини сўраган.
"Мен таъзия эшитишни хоҳламайман. Биз ўғлимизни 12 февраль куни колонияда кўрдик, учрашдик. У тирик, соғлом ва қувноқ эди", деган.
Маҳумнинг отаси Анатолий Навальний "Regnum" ахборот агентлиги билан суҳбатда ўғлининг ўлимини тасдиқлади.
“Ҳа. Бу аллақачон ҳақиқат", деган у қисқача жавоб билан.
Анатолий Навальнийнинг сўзларига кўра, унинг дафн маросими қаерда ўтказилиши ҳозирча маълум эмас.
"Мен бу масала бўйича ҳали ҳеч нарса дея олмайман", деб қўшиб қўйди ота дафн маросимини ташкил этиш ҳақидаги саволга жавоб бериб.
Маълумот учун, Алексей Навальнийнинг ўлими ҳақидаги хабарга унинг адвокати Леонид Соловьёв изоҳ бериб, унинг оиласи ҳали бирор нарса дейишга шошмаётгани ҳақида айтган.
"Алексей Навальний оиласининг қарорига кўра, мен ҳеч нарсани изоҳламайман. Ҳозир биз буни кўриб чиқяпмиз. Чоршанба куни Алексейнинг ёнида адвокати бор эди. Ўшанда ҳаммаси яхши эди", деган у.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жозеф Байден Алексей Навальнийнинг ўлимида бевосита Россия Президенти Владимир Путиннинг қўли борлиги ҳақида айтган эди.
LiveБарчаси