Навальнийнинг қизи Ҳарриснинг сайловолди штабига ишга кирди
Олам
−
14 Октябрь
5691Россия қамоқхонасида вафот этган мухолифат сиёсатчи Алексей Навальнийнинг қизи Дария Навальная АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзод Камола Ҳарриснинг сайловолди штаб-квартираси ходими бўлди. Бу ҳақда у ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.
Дария Навальнаянинг LinkedIn профилидаги маълумотларга кўра, у жорий йилнинг август ойида АҚШнинг Пенсильвания штатидаги штабда кўнгиллилар координатори сифатида ишга жойлашган. Дария жамоатчилик билан алоқалар ва сайловчиларни сафарбар қилиш соҳасида ҳам ишлайди.
Маълумот учун, Дария Навальная 2019 йилда ижтимоий психология ва сиёсатшунослик йўналиши бўйича Стенфорд университетига ўқишга кирган. 23 ёшли Дария жорий йилнинг июнь ойида университетни тамомлаган.
Пенсильвания АҚШ президентлигига номзодлар учун алоҳида аҳамиятга эга, чунки у ҳеч бир партия устунликка эга бўлмаган етти штатдан бири ҳисобланади. Сўров натижаларига кўра, ҳозирда овозлар Ҳаррис ва унинг республикачи рақиби ва собиқ АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасида деярли тенг бўлинган. Сайловлар 5 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Қайд этиш жоиз, Навальний вафотидан кейин Дария ва унинг онаси Юлия АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашган. Байден уларга ҳамдардлик билдириб, Навальнийнинг мероси уларда ва бутун Россия бўйлаб демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашаётган сон-саноқсиз одамларда яшашини таъкидлаган.
Апрель ойида Камола Ҳаррис “Time” журнали учун Юлия Навальная ҳақида мақола ёзган. Унга кўра, россиялик сиёсатчининг беваси унинг ишини давом эттиришга қарор қилиб, алоҳида фидойилик ва куч кўрсатган.
“Юлия Навальная жаҳон саҳнасида етакчи ролини ўз зиммасига олди. Навальная эрининг адолат ва қонун устуворлиги учун курашини давом эттиришга ваъда берди. Коррупцияга қарши курашаётган ва эркин, демократик Россия учун курашаётганларга янги умид бағишлади”, деб ёзади Ҳаррис.
Маълумот ўрнида, Алексей Навальний 2024 йил 16 февралда Россиянинг Ямало-Ненец автоном округининг Харп шаҳридаги “Қутб бўриси” колониясида вафот этган. Федерал Жазони ижро этиш хизмати маълумотларига кўра, сиёсатчи сайр вақтида касал бўлиб қолган, шундан сўнг у ҳушини йўқотган. Етиб келган шифокорлар уни жонлантиришга ҳаракат қилган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган.
Навальнийнинг ўлими бўйича жиноий иш қўзғатиш рад этилган. Расмий текширув ҳеч қандай қоидабузарликларни аниқламаган ва ўлим сабаби соғлиқ муаммолари мажмуаси натижасида ривожланган аритмия сифатида қайд этилган. Лекин сиёсатчининг оиласи ва шериклари бу версияга ишонмайди ва улар Навальний ўлдирилганини даъво қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навальнийнинг ўлими билан боғлиқ янги даъвода уни ўлдириш учун 1971-1993 йилларда Совет Иттифоқи ва Россия томонидан ишлаб чиқилган “Новичок” газидан фойдаланилгани айтилган эди.