Навальнийнинг ҳимоячилари қамалиши ортидан россиялик адвокатлар иш ташламоқчи

Олам

image

Россиялик адвокатлар ҳамкасбларига “огоҳлантириш акцияси”ни ўтказиш ва барча турдаги суд жараёнларида иштирок этишдан бош тортишга чақирган очиқ мурожаатини эълон қилди. Мазкур баёнот “Legal Petition” сайтида чоп этилди.

Мурожаатда адвокатлар одил судловни амалга ошириш жараёнининг расмий равишда оммавий ва доимий тарзда камситилаётгани, улар белгиланган тартибда ишлаган тақдирда ҳам тўловлар кечиктирилиши ва адвокатларнинг мурожаатлари эса бутунлай эътиборсиз қолдирилаётганини маълум қилган.

Бундан ташқари, адвокатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши жиноятларни текширмаётгани ёки ходимларнинг ўзи шу каби жиноятларни содир этаётганини билдирган. 

Шунингдек, мурожаатномада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар адвокатларни “маъмурий ва жиноий айбловлар” бўйича касбий фаолияти учун жиноий жавобгарликка тортаётгани қайд этилган. Улар мухолифатчи Алексей Навальнийни ҳимоя қилаётган Вадим Кобзев, Алексей Липцер ва Игорь Сергуниннинг ҳибсга олинишини бунга мисол қилиб кўрсатган.

“Бизнинг фикримизча, адвокатлар ҳамжамияти барча расмийларга жамиятда адвокатларсиз адолат ўрнатиш имконсизлигини эслатиш ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиларига ва касбнинг ўзига қилинаётган тажовузнинг очиқ фактларига муносиб жавоб қайтариши керак”, дейилади мурожаатда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 октябрь куни россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни ҳимоя қилган адвокатлар ҳибсга олинган эди. Суд веб-сайтидаги маълумотларга кўра, дастлаб Игорь Сергунин, кейинчалик Алексей Липцер ва Вадим Кобзев ҳибсга олинган. 

Улар экстремистик ташкилотда иштирок этганликда айбланмоқда (Жиноят кодексининг 282.1-моддаси 2-қисми), ушбу модда бўйича улар олти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Юрист Вячеслав Гимадининг таъкидлашича, учала адвокат ҳам ҳозирда Жиноят-процессуал кодексининг 91-моддаси – гумонланувчини ҳибсда сақлаш учун далиллар мавжудлигига асосланиб, ушлаб турилибди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия адвокат Алексей Навальний Алексей Липцер Игорь Сергунин Вадим Кобзев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made