Навальнийни Ғарбга алмашишга рози бўлгандим – Путин
Олам
−
18 Март
13087Россия Президенти Владимир Путин мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ўлими ҳақидаги хабар келишидан бир неча кун олдин уни Ғарбга алмашишга рози бўлганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 18 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.
“Жаноб Навальнийга келсак. Ҳа, у вафот этди. Бу қайғули воқеа. Бизда одамлар қамоқда ўлган бошқа ҳолатлар ҳам бўлган, аммо бу АҚШда содир бўлмаганми? Бу бир неча марта содир бўлган”, дейди мамлакат Президенти.
Унинг сўзларига кўра, Навальнийнинг ўлимидан олдин Путинга уни Ғарб давлатларида қамоқда ўтирган баъзи одамларга алмаштириш ғоясини билдиришган.
“Жаноб Навальнийнинг ўлимидан бир неча кун олдин баъзи ҳамкасбларим менга уни Ғарб давлатларида қамоқда ўтирган баъзи одамларга алмаштириш ғояси борлигини айтишди. Сиз менга ишонишингиз ёки ишонмаслигингиз мумкин. Мен билан бу ҳақда гаплашган одам ҳали гапини тугатмасидан рози бўлдим. Фақат битта шарт билан – биз у қайтмаслиги учун уни алмашамиз, яхшиси ўша ёқда ўтирсин. Аммо бўладиган иш бўлди, бунга қарши ҳеч нарса қила олмаймиз”, дейди Владимир Путин Навальнийнинг ўлими ҳақида.
Давлат раҳбарининг журналистлар билан суҳбатидан сўнг, Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Путиннинг Алексей Навальнийни алмашишга рози бўлгани унинг очиқлигини кўрсатишини айтди.
Песковнинг сўзларига кўра, сиёсатчининг беваси Юлия Навальная Россияга келиб, турмуш ўртоғини кўриш имкониятига эга бўлган, бироқ у хорижда қолишни “афзал кўрган”.
Қайд этиш жоиз, бу Путин Навальнийнинг қамоқхонадаги ўлими юзасидан илк бор изоҳ бериши ва омма олдида унинг фамилиясини илк бор очиқ айтиши бўлди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 февраль куни Россия ҳукумати мухолифатчи Алексей Навальний қамоқда вафот этганини эълон қилди. Навальнийнинг жасади вафот этганидан тўққиз кун ўтиб, 24 февралда онаси Людмила Навальнаяга топширилди. Унинг ўлимидан сўнг бир қатор дунё сиёсатчилари, жумладан АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Навальнийнинг ўлими учун Путинни айблади.
LiveБарчаси