НАТОнинг Вильнюс саммити Украинага нима берди?

Таҳлил

Швециянинг НАТОга қўшилиши, Украинадаги уруш ва унинг НАТО сафидан жой олиш йўллари, алянснинг Украина-Россия урушига қаратаётган эътибори ва бошқа мавзулар муҳокама қилинган майдон – Вильнюсдаги саммит ўз якунига етди. Декларация қабул қилинди, раҳбарлар ўз мамлакатига аллақачон жўнаб кетишга улгурди. Демак, энди саммитни таҳлил қилиш, хулоса чиқариш мумкин.

Жорий йилнинг 11 июль куни бошланган ва 12 июлга қадар давом этган мазкур саммитда НАТО раҳбари Йенс Столтенбергдан ташқари кўплаб альянсга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирок этишди.

Биринчилардан бўлиб саммит бўладиган жойда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған пайдо бўлди. У 10 июль куни рафиқаси Эмине Эрдўған билан Литва пойтахтига етиб келганди. Рафиқаси билан Литвага келган бошқа раҳбарлар қаторида Франция раҳбари Эмманюэль Макрон ва Украина Президенти Володимир Зеленский бор. Аммо уларнинг ҳар иккиси ҳам саммитнинг муҳим малисига хотинларисиз ташриф бюрган. Норвегия бош вазири Жонас Гаҳр Стор, Италиянинг 46 ёшли бош вазири Жоржия Мелони ва Португалия Бош вазири Антонио Кошта, Латвия бош вазири Кришьянис Каринш, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Германия канцлери Олаф Шольц, Люксембург ҳукумати раҳбари Хавиер Беттел бирин-кетин етиб келишди.

Зеленский ҳақида гап кетганда шуни айтиш мумкинки, саммитдаги барча костюмлилар орасида фақат угина ҳарбий кийимда эди. Украинада уруш бошлангандан бери Президент Володимир Зеленский фақат харбий кийимда кўриниш бермоқда. Ҳох хорижий мамлакатларга қилинаётган расмий ташрифлар бўладими, ёки НАТОдек йирик ташкилот саммитларида иштирок этишми, Зеленский харбий кийим кийиб атрофдагиларга, бошқа давлат ва ташкилот раҳбарларига ҳозир музокалар кетаётган бир вақтда, узоқда ўз мамлакати Украинада уруш бўлаётганини, унга тезроқ, кучлироқ ва аниқ чоралар кераклигини эслатиб турмоқчидек гўё.

У бунинг уддасидан чиқди ҳам. “Еттилик” гуруҳи (Катта еттилик) етакчилари чоршанба куни Литванинг Вильнюс шаҳрида бўлиб ўтган НАТО саммитида Украинага хавфсизлик бўйича узоқ муддатли мажбуриятларни олиш режаларини эълон қилди. Янги тузилма G7 аъзоси бўлган алоҳида давлатлар ва Украина ўртасида хавфсизлик бўйича икки томонлама мажбуриятларни яратишга, замонавий ҳарбий техника ва “керак бўлган вақтгача” иқтисодий ёрдам кўрсатишга қаратилган. Аммо Бу эълон НАТО ўз қўшма баёнотини эълон қилганидан бир кун ўтиб, Украина президенти Володимир Зеленский ва бошқаларнинг танқидига учради, чунки альянс Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши жадвалда келтирилмаган эди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам блок мамлакатлари Украинанинг аъзо бўлиш бўйича ҳаракат режасини бекор қилишга қарор қилганини эълон қилган ва барча шартлар бажарилганда Киевни иттифоққа таклиф қилишга ваъда берган. Унга кўра, Украинанинг кириши шартларини альянсга аъзо давлатлар баҳолайди. Шартлар ҳақида гапирар экан, Столтенберг Украина мудофаа ва хавфсизлик институтларини модернизация ва ислоҳ қилиши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, у НАТО мамлакатларнинг иттифоққа қўшилиш жараёнида ҳеч қачон муддат белгиламаслигини айтган. Бундан ташқари, Столенберг альянс Украинада уруш давом этар экан, унинг иттифоққа қўшилиши мумкин эмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Украина Президенти Володимир Зеленскийнинг Twitter'даги саҳифасида НАТО Вильнюсдаги саммитда Киевни альянсга таклиф қилиш муддати бўйича аниқ қарорлар қабул қилмоқчи эмаслигидан норозилигини билдирган, Украина ҳурматга лойиқ экани, ҳамкорларнинг “ноаниқлиги”ни эса заифлик деб билишини айтганди. Шундан сўнг, “The Washington Post” нашри НАТО саммитида иштирок этаётган АҚШ расмийлари Зеленскийнинг баёнотидан ғазабланганини ёзиб чиқди.

Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес эса Зеленскийдан хафа бўлди. У Украинадан танқид қилиш ўрнига, ҳарбий техника етказиб бергани учун Ғарб давлатлари миннатдорлик сўзларини эшитишни хоҳлаётганини айтиб чиқди. Бу ҳақда у альянснинг Вильнюсдаги саммити арафасида бўлиб ўтган НАТО жамоат форумида гап очган.

“Сиз хоҳлайсизми ё йўқ, одамлар озгина миннатдорлик кўришни истайди. Баъзан сиз мамлакатлардан ўз қурол-яроғ захираларидан воз кечишни сўрайсиз”, деган Уоллес.

Шунингдек, у вақти-вақти билан Америкадаги Капитолий тепалигидаги қонунчиларни қийин музокаралар пайтида у ёки бу ҳарбий техникани Украинага топширишга кўндиришга уриниб келганини қўшимча қилган.

Буюк Британия Мудофаа вазирининг айтишича, ўтган йилги Украинага сафари чоғида Киев расмийлари унга Украина Қуролли кучлари учун зарур бўлган қуроллар рўйхатини тақдим этган, бу эса унга “дўконга бориш”ни эслатган. 

“Биласизми, биз Amazon эмасмиз. Мен ўтган йили буни уларга айтгандим. У ерда рўйхатни олиш учун 11 соат юргандим”, деган Зеленскийдан хафа бўлиб Бен Уоллес.

Аммо саммитда гина-қудрат кўзга ташланмади. Барча Зеленский билан очиқ юз ва самимий табассум ила кўришди.

Шу сабабли баъзи таҳлилчилар Украинага муносабатни ижобий ҳам баҳолашди. Алянсдаги давлатларнинг Зеленскийни илиқ кутиб олишганини улар “трансатлантик иттифоқнинг бир қисми сифатида қабул қилиниш” дея баҳолашмоқда.

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллеснинг Киевга қурол ва ҳарбий техника етказиб берилгани учун етарлича раҳмат айтмаётгани ҳақидаги сўзларига Вильнюснинг ўзидаёқ жавоб бериб бўлди. Украина Президенти унинг мамлакати Ғарбга яна қандай қилиб миннатдорлик билдириши мумкинлигини тушунмаслигини айтди.

“Мен саволни тушунмаяпман. Биз ҳар доим миннатдор бўлганмиз ва ҳар доим ҳарбий ёрдам учун раҳмат айтамиз. Яна қандай раҳмат айтишни билмайман. Эрталаб туриб вазирга раҳмат айтишимиз мумкин. У менга қандай миннатдорчилик билдиришимни ёзсин, мен сизга шундай раҳмат айтаман”, деган Украина Президенти. 

Шунингдек, Владимир Зеленский залда ҳозир бўлган Украина Мудофаа вазири Алексей Резниковдан: “Алексей, Британия Мудофаа вазири билан муносабатларинг ёмонми?”, деб сўраган. Бунга жавобан Мудофаа вазирлиги раҳбари: “Ажойиб”, деган. Зеленскийнинг илтимосига биноан Резников Уоллесга Британиянинг ҳарбий ёрдами учун очиқчасига миннатдорлик билдирган. Шундан сўнг, Украина Президенти Буюк Британия Мудофаа вазирлиги раҳбарига қўнғироқ қилишни ҳам сўраган.

Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси Вадим Пристайко эса Зеленскийнинг Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллеснинг сўзларига муносабатини “носоғлом киноя” деб атаган.

“Президент Зеленский ҳар куни эрталаб уйғониб, Бен Уоллесга қўнғироқ қилиб, унга миннатдорлик билдиришга тайёрлигини айтганида, менимча, жавобда қандайдир киноя бор эди. Менимча, бу соғлом сарказм эмас”, деган Пристайко “Sky News” телеканалига берган интервьюсида.

Элчининг сўзларига кўра, Украина ва Буюк Британия Россияга улар ўртасида келишмовчиликлар борлигини кўрсатмаслиги керак. Шу билан бирга, Пристайко Британия мудофаа вазирига муаммо юзага келса, унга қўнғироқ қилишни ва шахсий суҳбатда ўз норозилигини билдиришни маслаҳат берган.

“Агар бирор нарса юз берса, Бен Уоллес менга қўнғироқ қилиб, хоҳлаганини айтиши мумкин”, деган Украина элчиси.

Шу ерда Украинадан хафагарчилик тугади, саволларга жавоб олинди.

Аммо муҳими бу эмас, муҳими саммит давомида Украина хавфсизлиги учун олдинга қадамлар ташланганидир.

Саммитдан сўнг уни таҳлил қилган мутахассисларнинг фикрича, G7 аъзолари, НАТО ва Европа Иттифоқи ўртасида сезиларли ўхшашлик мавжуд. G7 давлатларидан тўрттаси Европа Иттифоқида, олтитаси эса НАТОда. Шунинг учун уч ташкилот томонидан қилинаётган Москванинг Украинага қарши урушига умумий ёндашув ўхшаш хусусиятларга эга эканлиги ажабланарли эмас. Ҳар учала ташкилот ҳам Украинани 2014 йил февралида Москванинг тажовузкорлиги бошланганидан бери ва 2022 йилнинг февралида кучайганидан бери фаол қўллаб-қувватламоқда. Улар Украина либерал халқаро тартиб томонидан таъминланиши керак бўлган тинчлик ва барқарорликдан фойдаланиш ҳуқуқини таъкидламоқдалар. Шунингдек, экспертлар Қўшма Штатлар НАТО ва G7да етакчилик қилган ҳолда, иккала ташкилот ҳам Украинага сезиларли ёрдам кўрсатиб, Россия президенти Владимир Путин мамлакатда самарали сиёсий назорат ўрнатиш мақсадига эриша олмаслигини айтмоқда.

Шу билан бирга, Америка Қўшма Штатлари G7 ва НАТО Украинанинг Москва тажовузкорлигига қарши ғалаба қозонишига аниқ чақириқ ёки Украинанинг муваффақиятини тезлаштиришга олиб келадиган қатъий қадамлардан қочди. 12 июль куни Вильнюсдаги НАТО саммити билан биргаликда G7 томонидан эълон қилинган Украинани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қўшма декларациянинг қабул қилиниши асосан АҚШ назорати остида кечган.

Саммитдан сўнг АҚШ Президенти Жо Байден Хельсинкида финляндиялик мавқедоши Саули Ниинистё билан қўшма матбуот анжумани пайтида Украина ўз ҳудудидаги жанглар пайтида Шимолий Атлантика иттифоқига кириши учинчи жаҳон урушининг бошланишини англатади, деб айтган.

“Уруш давом этаётганда, НАТО давлатига ҳужум қилинганда ҳеч ким НАТОга қўшила олмайди. Чунки бу бизни уруш ҳолатида, учинчи жаҳон урушида бўлишимизни кафолатлайди”, деган Вашингтон маъмурияти раҳбари.

Америка етакчисининг сўзларига кўра, “гап уларнинг [альянсга] қўшилиш ёки қўшилмаслигида эмас”.

“Гап улар қачон аъзо бўлишлари ҳақида. Ва улар НАТОга қўшилишади”, дея қўшимча қилди Президент. 

НАТО саммити 2008 йилги Бухарестдаги НАТО саммитига ўхшамаган қўшма баёнот ишлаб чиқди. G7 декларацияси НАТО саммитига бағишланган эди, чунки Украинанинг НАТОга қўшилиши масаласи хавфсизлик кафолатлари масаласи билан боғлиқ. Иккаласи ҳам мустақил Украина қандай қилиб душман Россия билан бирга тинчлик ва хавфсизликда яшаши мумкинлиги ҳақидаги мураккаб саволни ҳал қилишга қаратилган. Шунинг учун G7 баёноти Украина хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида олдинга ташланган қадам бўлса, ажабмас.

Декларация Украинага ўз йўлини танлаш, Ғарбга қўшилиш ва тажовуздан холи бўлиш ҳуқуқини тасдиқлайди. Аммо у бўлажак Кремл провокацияларидан ҳимояни таъминлайдиган G7 коллектив ҳаракатларини таклиф қилмайди; Бунинг ўрнига у Украина ва алоҳида G7 давлатлари ўртасида икки томонлама келишувларни рағбатлантиради. У Украинани йиртқич Кремлнинг иштаҳани очмайдиган нишонига айлантириш учун уни қурол билан таъминлашга урғу беради. Бу ўринли тушунча, аммо G7 мамлакатлари Кремлнинг келажакдаги тажовузкорлигига кучли жавоб бериш учун ҳақиқий кафолатдан кўра самарали эмас. Шунга қарамай, ҳатто бу қадам G7нинг Буюк Британия ва Франциядан ташқари барча мамлакатлари Украинага Россия кучларига ҳал қилувчи зарба бериш учун зарур бўлган янада илғор қуролларни юборишни истамаганлиги сабабли бузилиши ҳам мумкин.

Шундай бўлсада, 12 июль куни Литва пойтахти Вильнюсда якунланган НАТО саммитида украиналик учувчиларни Ғарб қирувчи самолётларида парвоз қилишга ўргатиш бўйича меморандум имзоланди. Унда Дания, Нидерландия, Бельгия, Буюк Британия, Люксембург, Норвегия, Польша, Португалия, Руминия, Швеция ва Канада иштирок этишга рози бўлди. Альянс Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам ташкилот ёз охиригача Украина учувчиларини Американинг F-16 самолётларида учишга тайёрлай бошлашини маълум қилди. Руминия эса бу ишни август ойиданоқ бошлаши мумкин.

Мазкур ҳаракатлар Киевга қирувчи самолётларни етказишга тайёргарлик доирасида амалга оширилиши таъкидланган. Аммо самолётлар айнан қачон етказиб берилиши очиқланмаган.

Расмий Москва эса Украинага F-16 қирувчи самолётлари топширилишини ядровий таҳдид деб баҳолади. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар ва НАТО бу ҳаракат орқали Россия билан тўғридан-тўғри қуролли тўқнашув хавфини оширган. Лавров бунинг оқибатлари “ҳалокатли” бўлишидан огоҳлантирган.

“Ҳарбий ҳаракатлар давомида бизнинг ҳарбийларимиз ушбу турдаги ҳар бир самолёт ядро қуролини етказиб бериш учун жиҳозланган ёки йўқлигини ажратиб ўтирмайди. Украина Қуролли кучларида бундай тизимларнинг пайдо бўлиши бизга нисбатан Ғарбнинг ядровий соҳадаги таҳдиди сифатида кўриб чиқилади”, дейди Лавров.

Шунингдек, Россиянинг Украина урушида ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақида берилган саволга жавобан, Лавров бундай ҳолат сценарийси Россиянинг ҳарбий доктринасида аниқ белгиланганини эслатган.

“Шу билан бирга, АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари Россия билан тўғридан-тўғри қуролли тўқнашув хавфини юзага келтираётгани ва бу ҳалокатли оқибатларга олиб келишига эътибор қаратмоқчиман”, дея қўшимча қилади у.

Россиялик экспертлар ҳам НАТО қўшма баёнотсини Киев учун ижобий баҳоламайдилар. Бироқ, Франциянинг Украинага SCALP узоқ масофали ракеталарини юбориш қароридан кейин уларнинг ҳақиқий ғазаби Парижга қаратилган. Бу Франциянинг Вашингтон билан келишмовчиликларини таъкидлайди. Франция президенти Эммануел Макроннинг жасорати мамнуният билан қабул қилинади, аммо АҚШ раҳбарияти бераётган ёрдамнинг ўрнини боса олмайди.

Atlantic Council ақл маркази экспертлари Вильнюс саммити ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди. Аксар экспертларнинг хулосалари деярли ўхшаш бўлиб, улар НАТО давлатларининг Украинага муносабатини ва Г7 давлатлари томонидан ишлаб чиқилган декларацияни кутилмаган ҳодиса сифатида баҳолашди. Уларнинг фикрича, бу саммит 2008 йилдаги Бухарест саммитидан деярли фарқ қилмайди. “Г7нинг Украина бўйича Қўшма баёноти чиқди. Бу 5 моддадаги хавфсизлик кафолати эмас. Бу Украина билан ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатиш бўйича икки томонлама ҳамда Г7 келишувларидаги мажбуриятлар бўйича музокаралар учун асосдир. У келажакда Россия қуролли ҳужуми содир бўлган ёки ҳарбий ва бошқа турдаги ёрдамни келтириб чиқариши мумкин бўлган тақдирда Украина билан маслаҳатлашиш ваъдасини ўз ичига олади. Ўз навбатида, Украина баёнотда демократик ва қонун устуворлигини ўзгартиришни, шунингдек, ҳарбий ислоҳотларни давом эттириш мажбуриятини ҳам олиши мумкин. Таъкидлаш жоизки, баёнот НАТОга аъзоликнинг ўрнини босмаслиги, балки Украинага бу мақсад сари интилишда ёрдам бериш ниятида эканлиги аниқ кўрсатилган”, – дея фикр билдирди Атлантиc Cоунcилънинг Евроосиё бўйича кенгаши директори Жон Ҳербст. 

2003-2006 йилларда АҚШнинг Украинадаги элчиси бўлиб ишлаган Жон Ҳербстнинг сўзларига кўра, “Вильнюснинг расмий баёнотида етишмаётган нарса Украинанинг аъзо бўлиши учун ҳар қандай аниқ йўлдир”. “Ғайриоддий НАТО оламида, НАТО-Украина комиссиясининг "Кенгаш" мақомига кўтарилиши ва Украина учун расмий аъзолик ҳаракат режаси талабларининг олиб ташланиши муҳим воқеалардир. Аммо бу ҳеч қандай сиёсий зарба бермайди. Шунингдек бу аъзолик масаласида ҳақиқий тараққиёт сифатида қаралмайди”, – дея қўшимча қилди у.

Бироқ, мутахассислар саммитининг ютуғи сифатида Швеция ва Финдляндиянинг алянсга қабул қилинишини, шунингдек алянснинг шимолий шарқий қисми анча мустаҳкамланганини келтириб ўтишмоқда. 

“Вильнюс саммитининг энг муваффақиятли элементи НАТОнинг Россия билан олдинги чизиғида, шимолдан Ўрта эр денгизигача бўлган тўсиқни кучайтириш эди. Тез орада Финляндия ва Швеция билан бирга Россия агрессиясига қарши мустаҳкам ҳимоя чизиғи яратилади. Россиянинг стратегик муваффақиятсизлиги ҳақида аниқроқ далил йўқ. Ўтган йили келишилган НАТО кучларининг янги модели давлатлар учун уруш давридаги ўзига хос мажбуриятлари ва НАТОнинг ялпи ички маҳсулотнинг мудофаа харажатларининг 2 фоизини қондириш учун рағбатларга аниқлик киритади”, дея таъкидлайди ақл маркази ходими Дениел Фрид.

Шунингдек саммитда Беларус масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. “Россия Евро-Атлантика хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатидаги роли учун марказ томонидан тан олинишга лойиқ бўлгани каби, Беларус ҳам унинг ёнида бўлишга лойиқдир. Белоруссиянинг минтақавий хавфсизликка таҳдид ва Украинадаги сабабсиз урушнинг шериги сифатидаги ролига эътибор бермаслик хато бўлади. НАТО Белоруссиядан келаётган таҳдидни ақл билан тан олди ва Беларуснинг Россия томонидан уюштирилаётган уруш ҳаракатларига ўз ҳудуди ва инфратузилмани рухсат бериш орқали ёрдам берганини қоралади”, дейди АҚШнинг Полшадаги собиқ элчиси Дениел Фрид.

Хулоса қилиб айтганда, НАТОнинг Вильнюсдаги саммити гарчи кутилган натижаларни бермаган бўлсада, Украина, Швеция ва Финландия учун анча фойдали декларациларнинг қабул қилинишига сабаб бўлди. Шунингдек, Украинани Росия тажовузларидан химоя қилишнинг қонуний асосларини ҳам яратди.

Авазбек Мўйдинов


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Украина Вилнюс саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг