НАТО ва Россия уруши 2029 йилда бошланиши мумкин – Писториус

Олам

image

Германия Мудофаа вазири Борис Писториус Россия НАТО билан урушни 2029 йилда бошлаши мумкинлигини, айрим таҳлилчиларга кўра эса бу янада эрта содир бўлиши эҳтимоли борлигини айтди. Бу ҳақда “Frankfurter Allgemeine Zeitung” газетасига берган интервьюсида сўз очди.

Унинг айтишича, бу масала ҳозирча тахминларга асосланади. Ҳарбий мутахассислар ва махсус хизматлар Россия қачон ўз қуролли кучларини қайта тиклаб, НАТОнинг шарқий қанотидаги бирор давлатга зарба бера оладиган даражага етиши мумкинлигини фақат тахминан баҳолай олади.

“Биз ҳар доим бу 2029 йилдан бошлаб юз бериши мумкин деб айтиб келганмиз. Энди эса бу 2028 йилда ҳам рўй бериши мумкинлигини айтаётганлар бор. Баъзи ҳарбий тарихчилар ҳатто биз сўнгги тинч ёзни ўтказдик, деб ҳисобламоқда”, дейди Писториус.

Писториуснинг фикрича, НАТО ўзини ҳимоя қила олмайдигандек таассурот қолдирмаслиги керак, чунки бу ҳақиқатга тўғри келмайди. У альянснинг “одатдаги ва ядро” тўсқинлик салоҳияти етарли эканини, Германиянинг эса жанговар қўшинлари борлигини, бироқ уларни “яна-да яхши жиҳозлаш” зарурлигини қўшимча қилган.

Маълумот учун, Европа давлатлари Россиянинг НАТОга ҳужум эҳтимолини сўнгги йилларда Украина бўйича бошланган ҳарбий агрессия фонида кўриб чиқмоқда. Дания Ташқи ва ҳарбий разведка хизмати 2025 йил февралида Россия ҳозирги уруш тугаши ёки музлатилишидан тахминан беш йил ўтгач НАТО давлатларига бевосита ҳарбий таҳдид туғдириши мумкинлигини билдирган. НАТО Бош котиби Марк Рютте эса Европа Иттифоқи мамлакатлари мудофаа харажатларини ошириши кераклигини, акс ҳолда “европаликлар рус тили курсига бориш ёки Янги Зеландияга кўчиб кетишларига тўғри келиши” мумкинлигини айтган. Владимир Путин эса чиқишларида бир неча бор Россия НАТОга ҳужум қилишни режалаштирмаётганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Россия НАТО ҳужуми содир бўлган тақдирда барча мавжуд имкониятлардан фойдаланишга мажбур бўлишини, бироқ альянснинг ўзига ҳужум қилишни режалаштирмаётганини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Борис Писториус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг