НАТО кучаяди, бу абадий – Байден

Олам

image

НАТОнинг кенгайиши ҳеч бир давлатга таҳдид солмайди ва Шимолий Атлантика альянси мудофаа характерига эга. Бу ҳақда Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден Финляндия Президенти Саули Ниинистё ва Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида таъкидлади.

Уларнинг учрашувининг асосий мавзуси Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш учун аризалари бўлди. Байден НАТОдаги мамлакатларнинг интилишларини маъқуллаб, бу мудофаа иттифоқи эканлигини таъкидлади.

“Янги давлатларнинг НАТОга кириши учинчи давлатлар учун хавф туғдирмаган ва ҳеч қачон хавф туғдирмайди…НАТО кучаяди, бу абадий”, дейди Байден.

Унинг қўшимча қилишича, ҳар икки давлат ҳам альянсга янги аъзоларни қабул қилиш мезонларига жавоб беради – улар кучли армия, шаффоф иқтисодиёт ва демократик институтларга эга.

“Мен ушбу буюк демократик давлатлар ва икки ўта қобилиятли ҳамкорнинг жаҳон тарихидаги энг кучли мудофаа иттифоқига қўшилиш истагини қўллаб-қувватлаётганимдан ғурурланаман”, дейди АҚШ Президенти.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.

18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

56

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг