НАТО Бош котиби Трамп билан учрашди
Олам
−
15:45
1981НАТО Бош котиби Марк Рютте АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан илк учрашувини ўтказди. Бу ҳақда альянс матбуот хизматига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Учрашув кеча, 22 ноябрь куни Трампнинг Флоридадаги қароргоҳида бўлиб ўтган. Томонлар альянс олдида турган глобал хавфсизлик масалаларини муҳокама қилган. АҚШ Президенти учрашув ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган.
“The Washington Post” газетаси НАТО Бош котиби Дональд Трамп билан Россия-Украина можаросини тинч ҳал қилиш стратегиясини муҳокама қилганини ёзган. “The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, АҚШ янги президентининг маслаҳатчилари фронт чизиғи бўйлаб қуролсизлантирилган ҳудуд яратиш орқали жанговар ҳаракатларни тугатишни таклиф қилмоқда. Кремль эса можарони музлатишдан бош тортган.
“Bloomberg” ёзганидек, Рютте қийин вазиятларда қандай курашишни билади ва бунинг учун зарур алоқаларга эга. У Дональд Трамп билан самарали мулоқот қила оладиган шахс сифатида ҳам танилган. Айнан Рютте 2018 йилда Трампни АҚШнинг альянсдан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти Европа иттифоқчиларини мудофаа харажатларини оширишга ундашига ишонтирган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нидерландиянинг собиқ бош вазири Марк Рютте расман Йенс Столтенберг ўрнига НАТО Бош котиби лавозимини эгаллаганди.