НАТО ҳарбий харажатлари 2024 йилда қанчага ошиши маълум бўлди
Олам
−
19 Июнь
2946НАТОнинг ҳарбий соҳа учун сарфланадиган харажатлар кўрсаткичи бу йил 18 фоизга ошади. Бу ҳақда альянс Бош котиби Йенс Столтенберг АҚШ Президенти Жозеф Байден билан учрашувда маълум қилди.
Унга кўра, Столтенберг Жо Байден билан учрашуви чоғида 2024 йилда Европа Иттифоқи аъзолари ва Канадада мудофаа харажатлари 18 фоизга ошганини эълон қилган. Альянс раҳбарининг сўзларига қараганда, бу сўнгги ўн йил ичидаги энг катта ўсишдир. Шунингдек, у иттифоқчи давлатлар ялпи ички маҳсулотининг камида икки фоизини мудофаага сарфлаш кераклигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Столтенберг Президент Байденга унинг етакчилиги ва НАТОга содиқлиги учун миннатдорлик билдирган. Альянс етакчисига кўра, НАТО АҚШ манфаатларини илгари суриш орқали Американи янада кучлироқ қилмоқда. Байден ва Столтенберг “Совуқ уруш”дан бери кўпроқ кучлар, имкониятлар ва сармояларни ўз ичига олган кенг қамровли мудофаа режаларини ҳам илгари сурдилар. Украина масаласида Бош котиб ушбу давлатга ёрдам беришда давом этиш зарурлигини таъкидлаб, Украина қанчалик кучли қўллаб-қувватланса, уруш шунчалик тезроқ тугашини билдирган. У АҚШ ва Украина ўртасидаги 10 йиллик икки томонлама хавфсизлик келишувини ижобий баҳолаб, НАТОнинг Украинага хавфсизлик ёрдами у ерда таълимни мувофиқлаштиришда катта роль ўйнашини айтган.
Бош котиб мудофаа ҳақида баралла гапирар экан, Европа иттифоқчилари ўзларининг жамоавий хавфсизлиги учун кўпроқ ҳаракат қилишлари кераклигини айтди. Унинг билдиришича, 2022 йилдан бери Европадаги мудофаа харидларининг учдан икки қисмидан кўпроғи АҚШ фирмалари билан амалга оширилган.
“НАТО АҚШ хавфсизлиги, саноати ва АҚШдаги иш жойлари учун фойдалидир”, дея ўз сўзини якунлаган Столтенберг.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Столтенберг НАТО ядро қуролини жанговар ҳолатга келтириши мумкинлигини айтганди. Шунингдек, Пентагон НАТО яқин келажакда кенгаймаслигига ишонтиргани ҳақида хабар берилганди.