NASA Қуёшни мисли кўрилмаган даражада батафсил суратга олди (видео)

Бу қизиқ

image

NASA’нинг PUNCH миссияси Қуёшнинг мисли кўрилмаган тасвирларини олди. Бу ҳақда NASA ўзининг расмий сайтида хабар берди.

Қайд этилишича, космосда бир-биридан тахминан 13 минг километр узоқликда жойлашган тўртта кичик сунъий йўлдош битта “виртуал телескоп” сифатида ишламоқда. Ушбу сунъий йўлдошлар биринчи марта Қуёшнинг ташқи атмосфераси — тож ва қуёш шамолини бир бутун ҳолатда суратга олишга муваффақ бўлган.

Жануби-ғарбий тадқиқот институти (SwRI) раҳбарлигида амалга оширилаётган PUNCH миссияси ишга туширилганидан атиги бир йил ўтиб муҳим натижаларга эришган. Хусусан, ноябрь ойида ушбу тизим АҚШ ҳудуди бўйлаб рангли қутб нурларини юзага келтирган кучли қуёш бўронини кузатган. Бу маълумотлар космик об-ҳавони яхшироқ тушуниш ва олдиндан башорат қилишга ёрдам беради.

Сунъий йўлдошлар Қуёшдан ажралиб чиқиб космосга тарқаладиган улкан плазма булутлари (коронал масса отилишлари) ва қуёш шамоли қандай ҳаракатланишини батафсил кўрсатиб бермоқда. Шунингдек, PUNCH бошқа телескоплар илғай олмайдиган кучсиз ва ноёб кометаларни ҳам аниқлай олган. Улар орасида юлдузлараро келиб чиқишга эга бўлган ва қарийб 40 кун давомида кузатилган комета ҳам бор.

“Миссиянинг бош тадқиқотчиси доктор Крейг ДеФорест бу тасвирлар Қуёш тизимидаги ўрнимизни янада яхшироқ англашга ёрдам беришини айтди. Унинг сўзларига кўра, Қуёш фаоллиги фонида Ой, сайёралар ва кометаларнинг ҳаракатини кўриш коинотдаги яқин атрофимизга ноёб назар ташлаш имконини беради”, дейилади хабарда.

Бу тасвирлар илғор технологиялар ёрдамида олинган. Сунъий йўлдошлардаги махсус камералар Қуёш нурини триллион мартадан ортиқ камайтиради, шу орқали жуда кучсиз қуёш шамолини кўриш мумкин бўлади. Кейин эса Ердаги тизимлар ортиқча юлдуз нурини деярли бутунлай олиб ташлаб, космосга таралаётган қуёш зарраларини аниқ кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қуёш NASA

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг