Наманганда ўқувчилар мудҳиш ЙТҲ содир этди (видео)
3-саҳифа
−
07 Октябрь
9138Жорий йилнинг 2 октябрь куни Наманган вилоятида мактаб ва техникум ўқувчилари бошқарувидаги Gentra ҳамда юк машинаси ўртасида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ЙТҲ соат 11:00 да вилоятнинг Наманган шаҳри Марғилон кўчасида Gentra автомобили ва “ЗИЛ” русумли юк машинаси иштирокида содир бўлган. 5 нафар мактаб ва техникум ўқувчилари томонидан ижарага олинган Gentra машинасини бошқариб бораётган вояга етмаган ҳайдовчи ҳушёрликни йўқотиб, йўлнинг ўртасини ажратиб турувчи бетон тўсиқдан ошиб, қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган “ЗИЛ” билан тўқнашган. Оқибатда Gentra ичида бўлган жабрланган йўловчилар Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Бироқ ҳайдовчи олган жароҳатлари туфайли шифохонага етмасдан вафот этган. Жабрланувчиларнинг қолган 4 нафари (3 нафари 17 ёш, бир нафари эса 15 ёш) ҳам оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 киши вафот этди. Ургут тумани “Хўжагузар” МФЙ ҳудудидан ўтувчи “Ургут-Ғўс-Авазмерган” автомобиль йўлининг 5-километрида 2003 йилда туғилган Соbalt русумли автомобиль ҳайдовчиси “Ургут-Ғўс” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда руль бошқарувини йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланиб келаётган 1991 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Damas русумли автомобиль билан тўқнашган.