Наманганда ўқитувчиларни ўт-ўлан юлишга мажбурлаган директор жаримага тортилди
3-саҳифа
−
09 Август
4142Аввалроқ Наманган вилояти Поп тумани 43-мактаб директори мактабда таътил бўлишига қарамай, педагогларни таълим масканига чақириб, соат 16:00 гача ўзларига тегишли бўлмаган вазифаларни бажаришга, яъни мактаб ҳудудидаги ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлишга мажбур қилгани ҳақида хабар берилганди.
Ушбу директор жаримага тортилди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.
Директорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51- моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланган.
Маълумот учун, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунга кўра, ️ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш, мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.