Наманганда мактаб ўқувчиси пахта “прицепи”нинг тагида қолиб вафот этди
3-саҳифа
−
05 Ноябрь
10148Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Поп туманида 9-синф ўқувчисининг пахта ортилган трактор аравасидан йиқилиб бошидан оғир жароҳат олгани ва ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда ўша куни фермернинг уйида тўй бўлаётгани, ҳокимликдан келиб “пахта” деб шошилтиргач, ота ўз ўрнига ўғлини пахта топширишга юборгани ёзилган. Ушбу маҳаллий фермернинг ўғли йўлда уч нафар ўсмирни ўзи билан олиб, пахта юкланган “прицеп” ичида йўлга чиққан. Йўлда “прицеп” ағдарилиб кетиши оқибатида болалардан бири ҳалок бўлган.
QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Болалар омбудсмани билан боғланди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 3 ноябрь куни 2003 йилда туғилган А.А. трактор ва унга уланган тиркамани зовур бўйидан ўтувчи ички йўлда бошқариб кетаётганда, тракторга уланган боғловчи тортқич узилиб кетиши оқибатида тиркама зовурга қулаган. Оқибатда 2009 йилда туғилган Т.П. исмли ўғил бола жароҳат олиб, вафот этган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.