Миграция агентлигининг 2 мансабдори қўлга олинди

3-саҳифа

image

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Наманган вилояти филиали бош мутахассиси пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу мансабдор хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, алдов йўли билан бир гуруҳ фуқароларнинг ишончига кириб, уларни Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига 41 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Терговга қадар текширув давомида у мазкур ноқонуний фаолиятни Миграция агентлиги марказий аппаратининг бош мутахассиси билан биргаликда амалга ошириши аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилган ва агентликнинг ушбу масъул ходими ҳам юқоридаги пул маблағидан 15 минг долларини олган вақтида жиноят устида қўлга олинди.

Шунингдек, улар 2024 йилда 80 дан ортиқ фуқарони Кореяга юбориш учун 700 минг доллардан ортиқ пулни олиб, ҳозирга қадар уларни сарсон қилиб юргани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, мазкур жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва уларни терговга жалб қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Билдирилишича, фуқаролар хорижга ишга юбориш билан боғлиқ ҳар қандай шубҳали таклифлар юзасидан ДХХ Call-марказининг 1520 қисқа телефон рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳам ҳолат бўйича муносабат билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги ПФ-162-сонли “Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги қайта ташкил этилгандан сўнг, бугунги кунгача Кореяга E–9 визаси учун ҳеч қандай танловлар ўтказилмаганини маълум қилди.

“Айрим ходимлар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлардан кейин, Миграция агентлиги фаолиятида Жанубий Кореяга юбориш билан боғлиқ кадрлар, шу жумладан, Сеул шаҳридаги ваколатхонасида фаолият юритган барча ходимлар тўлиқ ўзгартирилди.

Агентлик ходимлари орасида ўз касбига хиёнат қилган, фуқароларнинг ишончи ва ҳақ-ҳуқуқларини суиистеъмол қилган шахсларнинг ҳаракатлари кескин қораланади”, дейилади агентлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида Халқ қабулхонасининг масъул ходими 5 миллион сўм пора олган вақтида қўлга тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

пора Жанубий Корея Наманган вилояти Миграция агентлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг