Наманганда талаба қиз ўзини осиб ўлдирди
3-саҳифа
−
12 Декабрь 2023
15589Наманган давлат университети биология таълим йўналиши 3-босқич талабаси ўз жонига қасд қилиб, вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Воқеа жорий йилнинг 10 декабрь куни содир бўлган. Наманган давлат университети талабалар ётоқхонасида яшаб келган 21 ёшдаги талаба қиз ётоқхонасида бўлган икки қаватли ётоқ (кровать)нинг иккинчи қаватига чойшабдан сиртмоқ ясаб, ўзини осиб қўйган.
Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Наманган филиалининг дастлабки маълумотномасига кўра, марҳуманинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан қисилиши, механик асфикция оқибатида содир бўлгани, унинг танасида тан жароҳат излари аниқланмаганлиги кўрсатилган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва содир бўлган ҳодисанинг сабаблари аниқланмоқда.
Наманган давлат университети марҳума талаба ўқув жараёнида фаол, фанларни мунтазам равишда ўзлаштириб келганини билдирган. Унинг ўз жонига қасд қилишига оилавий келишмовчилик сабаб бўлган. Марҳум талабанинг оила аъзолари университетга ҳеч қандай эътироз ва даъволари йўқлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Андижон вилояти Олтинкўл туманида 21 ёшли келин, Фарғона вилоятида Ўзбекистон туманида яшовчи 20 ёшли аёл ва Бувайда тумани 16 ёшли қиз ўз жонига қасд қилганди. Ноябрь ойи охирида Тошкентда Туркия фуқароси бўлган вояга етмаган қиз ўзини 6-қаватдан ташлаганди.