Наманганда кўча безорилиги билан шуғулланган “Эшон” ушланди (видео)
Олам
−
26 Январь 7237 2 дақиқа
Наманган шаҳрида безорилик билан шуғулланиб, одамларга босим ўтказиш орқали ноқонуний фаолият юритиб келган “Эшон” лақабли шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Тергов материалларига кўра, Б.Н. жиноий шериклари билан биргаликда Наманган шаҳрида яшовчи танишини “Баркамол авлод” маҳалласи ҳудудига чақириб, уни “кўча ечимларида иштирок этмаётгани” ва чақирилган пайтда келмаётгани каби баҳоналар билан айблаган. Шундан сўнг фуқаронинг баданига қўли ва ўткир кесувчи жисм билан уриб, унга тан жароҳати етказган.
Наманган вилояти суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, жабрланувчининг чап елка қисмида кесилган ва санчилган жароҳатлар аниқланган. Маълум бўлишича, ўзини “Эшон” лақаби билан танитиб, гўёки “кўча ишларини ҳал қилувчи” сифатида танилган ушбу шахс фуқароларга босим ўтказиш орқали ноқонуний фаолият юритиб келган.
Ноқонуний даромад орттириб келган ушбу шахс процессуал тартибда қўлга олиниб, унга нисбатан Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) учинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятида ўзидан “кўча” ясаб олган, “Жомми Даритал”, “Малиш” ва “Расул қилич” номлари билан танилган уч кишига жиноят иши қўзғатилиб, улар қамоққа олинганди.
Live
Барчаси