Наманганда канал орқали чет давлатдан яширинча сигарета олиб кирганлар ушланди
3-саҳифа
−
09 Июль
5533Қирғизистон Республикасидан Наманган вилоятига оқиб ўтувчи тез оқар сув орқали Ўзбекистонга тамаки маҳсулотларини олиб ўтмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 30 июнь куни Янгиқўрғон туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан оқим кучли бўлган каналдан қоп-қора ўрамдаги сигареталарни сувдан олиб чиқаётган уч нафар маҳаллий фуқаро қўлга олинган. Аниқланишича, сигареталар Қирғизистонда сотувга чиқарилган.
Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида умумий қиймати 100 миллион сўмлик 9 минг ўрам “Милан” сигаретаси мусодара қилинган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (Этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомала қилиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондан Сурхондарёда гиёҳванд моддаларни яширинча олиб ўтаётган юк машинаси аниқланганди.
LiveБарчаси