Наманган инциденти: бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур?
Жамият
−
23 Апрель 2020
16055 Хабарингиз бор, Наманган шаҳрига кираверишдаги “Қизилкўприк” постида Йўл-ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ва Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиев ўртасидаги жанжал кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу масала юзасидан ИИВ Ахборот хизмати томонидан тайёрланган видеолавҳа танқидларга учради. “Босар-тусарини билмай қолган” номи остида эълон қилинган ахборот мамлакатдаги каттаю кичик депутатларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. 17 апрель куни мазкур ҳолат бўйича депутат Муҳаммадиевга нисбатан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган деган гаплар тарқалди.
Юридик фанлар номзоди Фахриддин Комилов ҳам ушбу масалада ўз фикрларини билдириб ўтди. Ҳуқуқшунос фикрича, бу тарзда иш тутишда терговчи ва прокурор тарафидан манфаатдорлик мавжуд деган фикрга келиш мумкин.
“Наманган шаҳар прокурорининг депутат устидан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорини ўқиб “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деган мақол эсга тушиб кетди. Прокурор жанобларининг олий юридик маълумотли эканига шубҳа йўқ, аммо чиқарган қарори унинг ҳуқуқий саводини каттакон савол остига қўяди!
Зикр этилмиш қарорда депутатни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидан розилик сўралганини яна бир карра эслатиб ўтамиз.
Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқи бекор қилинмасдан туриб, унга нисбатан маъмурий ва жиноий иш қўзғатиш ҳам, қамоққа олиш ҳам мумкин эмас. Бинобарин, шу оддий ҳуқуқий нормани билмаган шахс прокурор вазифасида қандай қилиб ишламоқда, деган савол туғилиши табиий.
Қолаверса, жиноят ишини қўзғатишга нега бунчалик шошилишди? Ахир вазият тўлиқ ўрганилиб, дастлабки суриштирув ўтказилиб, воқеа-ҳодисаларга холисона баҳо берилганидан кейингина жиноят иши қўзғатилиши керак эмасми? Очиғини айтсам, менда бу ҳолатда прокурор бир томоннинг манфаати нуқтаи назари асосида жиноят иши қўзғатиб, ўзининг нохолис нуқтаи назарини ифода этган, деган тахмин бор.
Мен ҳам узоқ йиллар терговчи, судья лавозимларида ишлаганман. Аммо бундай нохолисликни илк бор кўриб турибман.
Бўлиб ўтган воқеалардан кўринадики, Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.О.Муҳаммадиевга кимнингдир яширин қасди борга ўхшайди. Бу ишнинг оқибати ҳам халқ мақолида акс этмишдир: “қасд қилганлар паст бўлур…”
Хулоса шуки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга таниш билиши орқали адашиб кириб қолган, ҳуқуқий билим ва саводи паст бўлган ходимлар бундан буён ўз хоҳишлари билан ишдан бўшаб кетганлари маъқул. Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёев қўяётган талабларнинг асоси қонунларга оғишмай риоя қилишдир!
Бу ўринда прокурор Кенгашдан депутатни дахлсизлик мақомидан озод қилишни сўраши лозим эди. Энди прокурорнинг ушбу нотўғри қарори ўз ишининг устаси бўлган адвокатнинг қўлига тушса, тергов ва прокурорга қарши ишлатилиши, яъни бу ерда манфаатдорлик бор деган важ келтирилиши мумкин”.
Эслатиб ўтамиз, ИИВнинг “босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳаси жамоатчиликка тақдим этилди. Видеолавҳада депутатлар томонидан (ҳаммаси, айрим дейилмаган) дахлсизлик ҳуқуқи важ қилиниб, ИИВ ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлиги айтилади.
Сўнгра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ИИВ видеосида кўрсатилган гаплар контексдан узиб олиниб кўрсатилганлиги, қайта-қайта бу одамни депутатлигига урғу берилгани ва бундай салбий ҳолатлар худди депутатларга “сигнал” бериш учун тайёрлангани ҳақида ўз тахминини билдирган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев эса ушбу ҳолат бўйича масалага умуман алоқаси бўлмаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳам тиқиштирилиши жуда шубҳали туюлаётганини айтмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь