Набиралари князлардек улғайишини истамайдиган Президент Путин 68 ёшни қаршилади

Олам

image

Бугун, 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путин 68 ёшни қаршилади. У туғилган кунини ўн олтинчи марта давлат раҳбари сифатида нишонламоқда. 

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига қараганда, бу кунда давлат раҳбари нафақат дам олади, балки халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ўндан ортиқ телефон суҳбатларини ўтказади, табрикларни қабул қилади, Россиянинг долзарб масалалари билан яқиндан шуғулланади. 

Яқинларннинг табриклари анъанавий равишда оқшомга қолдирилади. "Куннинг қолган қисмига келсак, эҳтимол бу одатдагидек дўстлар, қариндошлар билан ўтади", дейди Песков. 

Путиннинг муваффақият фалсафаси

20 йилдан ортиқ вақт давомида давлатнинг юқори лавозимларида бўлган Президент Путинга ҳар куни "Сиз кимсиз, жаноб Путин?", деб мурожаат қилишади. Тўғри, ҳозиргача ҳамма ҳам бу саволга жавоб топганича йўқ. 

Ленинград давлат университети юридик факультети битирувчиси, иқтисод фанлари номзоди ва чет элда ишлаш тажрибасига эга бўлган тажрибали разведка ходими. У ҳаётга бўлган жиддий муносабати мактаб йилларида жанг санъатлари туфайли шаклланганлигини бир неча бор таъкидлаган.  У ҳанузгача дзюдони замонавий сиёсатчилар учун энг фойдали спорт тури деб билади.

“Дзюдо ҳам танага, ҳам онгга мўлжалланган машғулот бўлиб, у куч, реакция, чидамлиликни ривожлантиради, ўзингизни бошқаришни, айни дамнинг кескинликни ҳис қилишни, рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини кўришни ўргатади", дейди Путин. 

Каратэ бўйича қора белбоғ соҳиби, дзюдо ва самбо бўйича спорт устаси бўлган Путин спортнинг жисмоний таъсирини қадрлайди. "Дзюдо – кичкина, аммо самарали ҳаракатлар билан натижаларга эришиш қобилияти”, дея тушунтиради Президент. Унинг фикрига кўра, "жанг қилиш амалиёти ҳам муросага, ҳам ён беришга имкон беради, аммо бу фақат ғалаба сари йўл очилган тақдирдагина мумкин" ва муваффақиятга биринчи навбатда ахлоқий тайёргарлик орқали эришилади. 

Давлат раҳбари ушбу принципларнинг барчасини ўз ишида – халқаро музокаралар олиб бораётганда, мамлакатни ривожлантиришнинг ички сиёсатини шакллантирганда ва амалга оширишда қўллайди. 

“Афсуски, дунё миқёсида муносиб "рақиблар" тобора камайиб бормоқда. Путин энг тажрибали,  энг билимдон, энг истеъдодли дунё раҳбари", деб ҳисоблайди Песков.

"Путин профессионал одам, у тафсилотларни ўрганмасдан бирон бир иш билан шуғулланмайди. Шунинг учун Путин билан баҳслашиш жуда қийин", деб таъкидлайди Песков. Матбуот котибининг сўзларига кўра, "Путин жуда изчил, чет элда қандай таърифланганидан фарқли ўлароқ, муросага келиш устаси". Песковнинг таъкидлашича, "Путиннинг муросаси" ҳам Россия, ҳам шериклар манфаатларининг бузилишига олиб келмайди, бу иккала томоннинг манфаатларини ҳисобга олади”. 

Президент шахсий ҳаётини парда ортида қолдиришга ҳаракат қилмоқда. Етти йил олдин рафиқаси Людмила билан ажрашган.

Бир неча бор давлат раҳбари қизлари – Мария ва Катерина ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра,  улар Москвада яшайдилар, илм-фан ва таълим билан шуғулланадилар. Яқинда мамлакат президентнинг қизларидан бири биринчилардан бўлиб коронавирусга қарши маҳаллий вакцинанинг синовида иштирок этди. 

Бундан ташқари, Президентнинг набиралари бор, бироқ давлат раҳбари улар билан мулоқот қилиш учун ҳар доим ҳам вақт топа олмайди. Путин набиралари ҳақида бошқа тафсилотларни айтмайди. "Мен уларнинг қанақадир князлар бўлиб ўсишларини истамайман, уларни оддий одамлар каби етиштиришларини хоҳлайман", дейди давлат раҳбари. 

Путинга туғилган кунида ёки бошқа байрамларда берилган совғаларнинг аксарияти Кремлдаги Президент кутубхонасида сақланади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин

Баҳолаганлар

419

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг