Нью-Йоркда коронавирусдан вафот этган ўзбекистонлик хонанда бўлган
Жамият
−
07 Апрель 2020
21421Аввалроқ, Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон фуқароси коронавирус инфекциясига чалиниб, вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
АҚШда коронавирусдан вафот этган ўзбекистонлик хонанда Рустам Самарқандий (Ҳожимуҳамедов) бўлган. Бу ҳақда журналист Карим Баҳриев маълум қилди.
“Аллоҳ раҳмат қилсин, бу оқшом АҚШда каронавирусдан вафот этган Рустам Ҳожимуҳамедов “Қурбон ўлам” қўшиғини уни илк айтган бобомиз Хожи Абдулазиздан кейин энг юксак овозда айтган қўшиқчи эди”, дея ёзиб қолдирган Баҳриев.
51 ёшли Рустам Ҳожимамедов Рустам Самарқандий тахаллуси остида ижод қиларди. У машҳур ҳофиз Абрам Толмасовнинг шогирди ҳисобланарди. Рустам Самарқандий ширали овози ҳамда мумтоз куйларни ижро этиш маҳорати билан машҳур эди.
Ташқи ишлар вазирлиги хорижда коронавирусга чалинган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра қуйидаги давлатларда ўзбекистонликлар коронавирус юқтирган:
• Австрия — 1 нафар;
• Арманистон — 1 нафар;
• АҚШ — 10 нафар;
• БАА — 1 нафар;
• Жанубий Корея — 1 нафар;
• Покистон — 5 нафар;
• Россия — 1 нафар;
• Таиланд — 1 нафар;
• Қозоғистон — 2 нафар.
Эслатиб ўтамиз, Рустам Самарқандийгача АҚШда икки нафар ўзбекистонлик коронавирус инфекциясидан вафот этганди.