ОАВ: АҚШда коронавирусдан вафот этганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор
Олам
−
05 Апрель 2020
13591АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида икки нафар ўзбекистонлик коронавирус инфекция сабаб оламдан ўтди. Уларнинг ёши 50-60 ёшлар атрофида, деб айтилмоқда. Бу ҳақда “Америка овози” хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, 3 апрель куни Бруклиндаги касалхоналардан бирида жони узилган ўзбекистонлик аёлнинг яқинлари у COVID-19 дан вафот этганини тасдиқлади. Ёши 60 дан ошган бу аёл 9 йилдан буён AҚШда доимий яшаб келган.
Ундан бир кун 6-7 йилдан буён AҚШда ўз оиласи билан доимий яшаб келган ўзбекистонлик 51 яшар эркак Нью-Жерси штатида дафн этилган. Марҳумнинг оиласига яқин манбалар у ҳам коронавирусдан вафот этганини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, Нью-Йорк ва унинг атрофида камида 50 минг ўзбекистонлик яшайди. Ватандош беморлар орасида ҳомиладор аёллар, ёшлар ва кексалар бор. Касалхоналарда жой етишмагани боис шифокорлар муайян талаблар билан баъзиларни уйига жўнатган. Оғирлашса, касалхоналарга қайтарилган ҳоллар ҳам учраётгани айтилмоқда.
“Ватандошлар орасида вирусдан ўлим ҳоллари юз берганида ва умуман фуқаролар ҳозирги фавқулодда ҳолатларда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги консуллиги билан боғланиши тавсия қилинади. Ваколатхоналар ҳар жиҳатдан кўмак кўрсата олмаслиги мумкин, лекин элчихона ва консуллик ҳужжатлар ва бошқа заруратлар борасида кўмаклашишга тайёр эканини эслатиб турибди”, дейилади хабарда.
Бугунга келиб, AҚШда коронавирусга чалинганлар 300 мингдан ошган. Вафот этганлар қарийб 8500 нафарни ташкил этмоқда. Коронавирусдан шифо топган беморлар сони 15 мингга яқин. Беморларнинг 115 мингга яқини Нью-Йоркда қайд этилган.
LiveБарчаси