Мусулмонларни қирган “Босния қассоби” вафот этди
Олам
−
17:53 4845 2 дақиқа
Бугун, 27 август куни Серб республикаси армиясининг собиқ қўмондони Ратко Младич 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Сербия телевидениеси хабар берди.
Маълумот учун, Ратко Младич – 1992-1995 йиллардаги Босния уруши даврида Серб Республикаси армиясига бош қўмондонлик қилган собиқ Югославия ҳарбий хизматчиси. У 1990-йиллардаги Болқон фожиаларининг энг қонли ва қарама-қаршиликларга бой фигураларидан бири сифатида тарихга кирган. Младич раҳбарлиги остидаги кучлар 1992-1996 йилларда Босния пойтахти Сараевони шафқатсизларча қамал қилиб, шаҳарни узлуксиз ўққа тутиши оқибатида 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган. Унинг номи билан боғлиқ энг мудҳиш фожиа эса 1995 йилда содир этилган бўлиб, Младич қўшинлари БМТ томонидан “хавфсиз ҳудуд” деб эълон қилинган Сребреница шаҳрига бостириб кириб, 8000 дан ортиқ мусулмон эркаклар ва ўсмирларни тизимли равишда қириб ташлаган. Бу Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европада содир этилган энг йирик қирғин ва геноцид сифатида тан олинган. Уруш якунлангач, Гаага трибунали томонидан ҳарбий жиноятчи деб эълон қилинган Младич Сербияда қарийб 16 йил яшириниб юрган ва 2011 йилдагина қўлга олиниб, Гаагага топширилган. 2017 йилда БМТ Халқаро трибунали уни Сребреницадаги геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва БМТ тинчликпарвар кучлари ходимларини гаровга олгани учун умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этган, бу қарор 2021 йилда ўз кучида қолдирилган. Ратко Младич бир томондан халқаро ҳамжамият ва бошняклар томонидан “Босния қассоби” ҳамда ҳарбий жиноятчи сифатида қолган бўлса, бошқа томондан айрим серб миллатчилари орасида қаҳрамон сифатида кўрилган.
Live
Барчаси