Муслим Магомаев хотирасига ҳайкал ўрнатилди
Маданият-санъат
−
17 Август 2022
12456Бугун, 17 август куни Бакуда хонанда ва бастакор, СССР халқ артисти Муслим Магомаевнинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан унга ўрнатилган ҳайкал очилди.
Каспий денгизи соҳилидаги Миллий денгиз бўйи боғи ҳудудида бронзадан ясалган икки метрли ёдгорлик ўрнатилди. Унинг муаллифи ҳайкалтарош Омар Элдаров.
Ёдгорликнинг очилиш маросимида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоним Меҳрибон Алиева, шунингдек, Магомаевнинг беваси, опера хонандаси, СССР халқ артисти Тамара Синявская иштирок этди.
Баку метросида эрта тонгдан Магомаев қўшиқлари янгради. Республика жамоатчилиги вакиллари Бакудаги Фахрийлар хиёбонида ижрочи қабрини зиёрат қилди. Кечқурун очиқ осмон остидаги Яшил театрда хонандани хотирлаш кечаси бўлиб ўтади, унда нафақат Озарбайжондан, балки бошқа республикаларидан ҳам таниқли ижрочилар иштирок этади.
Магомаев 1942 йил 17 августда Баку шаҳрида туғилган, Озарбайжон давлат консерваториясини тамомлаган. Ўтган асрнинг 60-йиллари бошларида у мусиқий ҳаётга кириб келди.
У кўплаб хорижий мамлакатлар саҳналарида ва деярли барча постсовет мамлакатларида катта муваффақиятли концертлар берган. Магомаев 31 ёшида “СССР халқ артисти” унвонини олган, бу собиқ СССРда ўзига хос ҳодиса эди.
Хонанда 2008 йил 25 октябрда Москвада вафот этди. Бакудаги Фахрийлар хиёбонига дафн этилган.
Ўзбекистонликлар уни “Синяя вечность” қўшиғи орқали яхши танийди. Ушбу қўшиқ ўзбекистонлик бир қатор хонандалар томонидан ижро этилган.
Очилиш маросимида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Женисбек Пиязов ҳам иштирок этган.
LiveБарчаси