Муроджон Азимов Муборак тумани ҳокимига ҳайфсан берди
Жамият
−
14 Февраль 2022
6529Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов Муборак тумани ҳокимига ҳайфсан берди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот котиби хабар берди.
Бугун, 14 февраль куни вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтган йиғилишда Муборак тумани ҳокими Акром Ариповга фаолиятидаги камчиликлар, тадбиркорлар ва фуқаролар мурожаатларига эътиборсиз қарагани учун “ҳайфсан” берилган.
Шунингдек, мажлисда вилоят ҳокими Муроджон Азимов сектор раҳбарларини вилоят марказига чақириш камайтирилиши кераклигини таъкидлаган.
“Сектор раҳбарларини Қарши шаҳрига чақириш мени рухсатим билан амалга оширилади энди. Йиғилишни камайтириб, умумий топшириқларни Zoom орқали қисқа тушунтирса, раҳбарларнинг кўп вақти йўлда ўтмайди”, деган вилоят ҳокими.
Маълумот учун Акром Орипов Муборак туманига 2021 йил июнь ойида ҳоким этиб тайинланган эди, унгача Қарши тумани ҳокими ўринбосари сифатида фаолият юритган.
Аввалроқ, Муборак тумани ИИБ бошлиғи пора олаётганда қўлга тушган Миришкор тумани ҳокими ўринбосари билан шерик экани гумонланиб, ҳибсга олинганди.