Муборак ИИБ бошлиғи ушланди. У пора билан ушланган “замҳоким”га алоқадор

3-саҳифа

image

Хабарингиз бор, Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан жорий йилнинг 6 февралида Миришкор тумани ҳокими ўринбосари У.Яхшиев тадбиркордан ер ажратиб бериш эвазига 80 минг АҚШ доллари пора талаб қилиб, шундан 50 минг АҚШ долларини олган вақтида жиноят устида ушланган эди. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи қамоққа олинган.

Қашқадарё виляоти прокуратураси мазкур ҳолат бўйича ўтказилган суриштирув юзасидан қўшимча маълумот берди.

Маълум қилинишича, Жиноят иши юзасидан ўтказилган дастлабки терговда ички ишлар органлари кадрлар заҳирасидаги ходим – Умид Яхшиев пора олиш жиноятини таниши Муборак туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Х.Баҳриев билан олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда содир этганлиги аниқланган.

Дастлабки тергов органи томонидан Муборак туман ИИБ бошлиғи Х.Баҳриевнинг содир этилган жиноятга бевосита дахлдорлигини исботловчи етарли далиллар тўплангани сабаб у кеча, 11 февраль куни жиноят ишида гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, шу куни Жиноят процесуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Бундан ташқари, вилоят прокурорининг фармойишига мувофиқ прокуратура ва ички ишлар идораларининг жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларнинг юзага келишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этишга қаратилган фаолиятини барча туман-шаҳарларда ўрганиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган.

Ишчи гуруҳ томонидан 2022 йилнинг 7-10 февраль кунлари Муборак туман прокуратураси ва ички ишлар бўлимининг бу борадаги фаолияти ҳужжатларни таҳлил қилиш орқали ўрганилган.

Ўрганишлар давомида, туман ИИБнинг терговга қадар текшириш, дастлабки тергов ва жиноятларни фош этиш бўйича фаолиятида бир қатор камчиликлар, хусусан, ўғирлик, безорилик, талончилик ва фирибгарлик каби жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатлари аниқланган.

Жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганида бунга даҳлдор бўлган шахслардан тушунтириш олиш, қонунда назарда тутилган тартибда далилларни тўплаш суриштирув ва тергов органларининг ҳам ваколати ҳам мажбурияти ҳисобланади.

Шу сабабли, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида жиноятдан жабрланган фуқаролар ва мазкур хабарлар юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатларини ўтказган ИИБ ходимларидан тушунтиришлар олинган.

Жиноятларни яширишга бевосида даҳлдорлиги аниқланган шахслар эса жиноий жавобгарликдан қутилиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида ёлғон маълумотлар тарқатиш орқали аҳолини чалғитишга ҳаракат қилишган. 

Ҳозирда, вилоят прокуратураси томонидан ҳисобдан яширилган 3 та ўғрилик, 3 та безорилик, 1 та талончилик ва 1 та фирибгарлик жиноятлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

“Вилоят прокурори ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ вазиятни жойига чиққан ҳолда ўрганиб, ҳолат юзасидан хизмат текширувлари тайинланди”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

482

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг