Мулкидан айрилди, навбат эркигами? Юнусободда дўконлари “снос”га тушган тадбиркор қамаб қўйилди
Жамият
−
31 Январь 2022
16990Тошкентнинг Юнусобод туманидаги дўконлари “снос”га тушган тадбиркор қамоққа олинди. Бу ҳақда тадбиркорнинг оила аъзолари QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Уларнинг айтишича, Ашраф Наджмиддинов жорий йилнинг 29 январь куни гувоҳ тариқасида Юнусобод туман прокуратурасига чақирилган. Тадбиркор прокуратурага адвокати билан бирга борган. Орадан бир неча соат вақт ўтиб, Наджмиддинов Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан гумонланувчи тариқасида олиб қолинган.
QALAMPIR.UZ ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Тошкент шаҳар прокуратураси Матбуот хизмати билан боғланди.
“Жорий йилнинг 29 январь куни A. Наджмиддинов ЖКнинг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” банди, 228-моддаси 3-қисми ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этгандикда гумон қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган. Жиноят ишлар бўйича Юнусобод туман судининг 31 январдаги ажримига мувофиқ гумон қилинувчи A. Наджмиддиновга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейди Тошкент шаҳар прокуратураси Матбуот хизмати.
Юнусободдаги “снос” иши
2018 йилнинг 24 август куни Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов туманнинг Мойқўрғон кўчаси 6-уй олдида Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган намунавий лойиҳа асосида 0,20 гектарли (чегара режасига асосан) “ASIA GAMMA LINE” МЧЖга болалар боғи ташкил қилиш ва унинг таркибида енгил турдаги ойнаванд кўринишдаги савдо дўкони, умумий овқатланиш шохобчаси ва хизмат кўрсатиш масканларини ўрнатишга рухсат бериш ҳақидаги қарорни имзолагани, тадбиркорлар эса шу қарор асосида қурилиш ишларини олиб боргани, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аллақачон иш бошлаб, орадан вақт ўтгач, жорий йилнинг 25 январь куни иншоотларни бузишга киришилгани, “снос” жараёнида прокуратура, ҳокимлик вакиллари томонидан ҳеч қандай огоҳлантириш хати ёки суд қарори тақдим этилмаган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев масалага муносабат билдириб, қонунчиликка кўра, ноқонуний бино ва иншоотлар қандай тартиб бузилиши кераклигини тушунтирганди ҳамда Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан “снос”га бош-қош бўлган ходимларига нисбатан чора кўришни талаб қилганди.
Юнусобод тумани 6-мавзеда бўлган "снос"дан азият чеккан тадбиркорлар фарёди ва ҳокимлик вакилининг изоҳини QALAMPIR.UZ’нинг YouTube канали, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин
LiveБарчаси