Мухолифат партия Транспорт вазирини парламентга чорлади
Жамият
−
12 Июнь 6183 2 дақиқа
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Транспорт вазиридан йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланишга оид жорий қилинган чекловга тушунтириш бериши учун сўров юборди. Бу ҳақда партиянинг Telegram-каналида хабар берилди.
Партияга кўра, Тошкент шаҳрида йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланишга оид жорий қилинган чеклов кенг жамоатчилик томонидан турли фикр ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Унга кўра, эндиликда ҳар бир ҳайдовчи ўз ҳудудида ва унга туташ ҳудудда такси фаолиятини амалга ошириши белгиланган.
“Аммо, бу тартиб Ўзбекистоннинг янги қабул қилинган Конституциясининг 67-моддасида белгиланган талабга зид келмоқда. Конституциямизга мувофиқ, давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Ўзбекистон ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади”, дейилади партия хабарида.
Қўшимча қилинишича, йўналишсиз такси фаолияти билан боғлиқ жорий қилинган чеклов турли ноқонуний фаолиятларни бошланиши, уларнинг эркин меҳнат фаолиятини олиб боришга тўсқинлик қилишга, шунингдек энг асосийси фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларининг чекланишига олиб келади.
“Шунингдек, қомусимизнинг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилган. Йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларимиз ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳисобланади ва бундай шахслар қонунларда белгиланган тартибда тегишли лицензия олиб, тегишли солиқларни тўлаган ҳолда тўлиқ қонуний фаолият юритмоқда”, деган партия вакиллари.
Партиянинг таъкидлашича, юқоридагиларни инобатга олиб, йўналишсиз таксилар бўйича чеклов жорий қилишга ҳеч қандай ҳуқуқий асослар йўқ. Аксинча, конституциявий меъёрларга зид келаётган жиҳатлар яққол кўринади.
“Шулардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси Транспорт вазиридан ушбу масалада аниқ тушунтириш бериш юзасидан сўров юборди ҳамда транспорт соҳасида муаммоларни бартараф этиш юзасидан ҳукумат соатида депутатлар саволларига жавобларни эшитиш учун Транспорт вазири таклиф қилинганлигини қайд этади”, дейилади партия хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатасининг жорий йилнинг 13 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг ўзини парламентдаги мухолифат, деб эълон қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилганди. Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов фракциянинг бу ҳақдаги расмий баёнотини эълон қилганди.
Live
Барчаси