ХДП энди расман мухолифат: Ҳукумат фаолиятининг айрим йўналишларига қўшилмаймиз!

Жамият

image

Қонунчилик палатасининг бугун, 13 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг ўзини парламентдаги мухолифат, деб эълон қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов фракциянинг бу ҳақдаги расмий баёнотини эълон қилди.

Дастлаб, Халқ демократик партиясининг сўл қанот партия сифатидаги фаолияти давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, аҳолини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича чоралар кўришда фаол қатнашиб келаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек,  парламентда яқинда ташкил этилган “Тараққиёт блоки”га нисбатан нуқтаи назарини билдириб, фракция мазкур блокнинг тузилишига эътироз билдирмаслигини, лекин унинг устувор вазифалари, шунингдек, ҳукумат дастури ва фаолиятининг айрим йўналишларига қўшила олмаслигини маълум қилди.

Хусусан, иқтисодиётда давлат назоратининг камлиги, стратегик аҳамиятга эга давлат мулкларини хусусийлаштириш қонун даражасида тақиқланмаганлиги, рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган пенсия тизимига ўтиш, коммунал тўловлар масаласида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашнинг истиқболга мўлжалланган аниқ стратегияси ишлаб чиқилмаганлиги, улушдорлик асосида уй-жой қуриш бўйича фуқаролар улушларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш тизимининг йўқлиги, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизими жорий этилмаганлиги, фармацевтика соҳасида давлат назорати сустлиги каби бир қатор масалалар партия электорати манфаатларига зид эканлиги таъкидланди.

“Партиямиз электорати овозини парламент ва ҳукуматга етказиш, уларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, мамлакатда кучли ижтимоий сиёсат юритишни давом эттириш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси, деб эълон қилади”, деди фракция раҳбари Улуғбек Иноятов.

Фракция раҳбарининг таъкидлашича, бугун ялпи мажлисда қабул қилинган парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси учун кенгайтирилаётган ҳуқуқ ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишни кафолатлайди.

Расмий баёнотда келтирилишича, парламентдаги мухолифат фракция бундан буён қонун лойиҳалари ва парламент муҳокамасидаги долзарб масалалар бўйича қатъий сиёсий позиция билдириб бориш, ҳукумат ва парламентдаги кўпчиликнинг таклиф ҳамда ташаббусларини танқидий кўриб бориш, ҳукумат ва парламентдаги кўпчилик томонидан парламентга киритилган қонун лойиҳалари бўйича зарур деб кўрилган ҳолда муқобил қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва киритиб бориш, парламент назорати воситаларидан самарали фойдаланиш каби муҳим вазифаларни амалга оширади.

Маълумот учун, мухолифат мавзуси қонунчилик учун ҳам, амалиёт учун ҳам янгилик эмас.

Турли йилларда турли партиялар ўзини мухолифат деб эълон қилганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Хусусан, 2010 йилда Халқ демократик партияси, 2015 йилда Халқ демократик партияси ва “Адолат” СДП фракциялари ўзини парламент мухолифати сифатида эълон қилган.

У ёки бу сиёсий партиялар фракцияларининг парламентдаги мухолифат деб эълон қилинишини парламентдаги кўпчиликни ташкил этган сиёсий партияларнинг “кўпчилик” бирлашувига нисбатан позицияси сифатида баҳолаш мумкин.

Бугун ялпи мажлисда қабул қилинган ва Сенатга юборилган парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун қуйи палата фаолиятида фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга, парламент назорати тадбирлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Мухолифат ҳуқуқларининг кенгайиши эса парламент фаолиятига янги мазмун олиб кириш билан бирга, демократиянинг кучайишига, қонун ижодкорлиги жараёнида баҳс-мунозаралар орқали адолатли қонун ва қарорлар қабул қилинишига янада ижобий таъсир кўрсатади.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ялпи мажлис ХДП парламент расмий баёнот мухолифат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг