Мубашшир Аҳмаднинг суди кейинроққа қолдирилди
3-саҳифа
−
21 Август 6753 2 дақиқа
Диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)га оид суд иши айрим гувоҳлар келмагани учун шу йилнинг 8 сентябрь кунига қолдирилди. Бу ҳақда “Azon Global” хабар берди.
Қайд этиш жоиз, 19 август куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмадга оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланганди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов эса оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлардан мазкур иш доирасида судга нисбатан ижтимоий босим эҳтимолини юзага келтиришдан тийилишини сўраганди.
Унинг қайд этишича, судланувчи айбсизлик презумпциясига асосан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан айблари аниқланмагунча айбсиз ҳисобланади. Шу боис, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан Алишер Турсуновнинг айбли ёки айбсизлиги юзасидан турли тахмин ва шубҳа-гумонларга берилмасликлари, шошма-шошарлик билан хулоса чиқармасликлари сўралган. Чунки судланувчининг айблилик масаласига фақатгина суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилади.
Алишер Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Алишер Турсунов Истанбулнинг Боҳчашеҳир мавзеидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик, ижтимоий тармоқларда Турсунов Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Алишер Турсуновни Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини расман тасдиқлаганди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь