МТВ кўзбўямачиликка бефарқ...ми?
Жамият
−
02 Август 2019
6773QALAMPIR.UZ`да Яшнобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зуфаров ва туман Мактабгача таълим бўлими бошлиғи Вилоят Акромованинг телефондаги ўзаро суҳбати акс этган аудионутқ бўйича журналистик суриштирув эълон қилинган эди.
Аудионутқда маълум бўладики, ҳоким ўринбосари МТБ бошлиғига текширув келаётгани учун мудиралар боғчаларнинг омборини “свежий” маҳсулотлар билан тўлдириб қўйишни буюрган.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар МТБ ҳамкорлигида махсус комиссия тузилди. Ҳокимлик бундай ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиши, лозим бўлса, мансабдорлар ишдан бўшатилишини маълум қилди. Мактабгача таълим вазирлиги эса қайд этилган ҳолатга “жонсиз” муносабат билдирди.
Мухбиримиз Яшнободдаги ҳолат бўйича шахсан мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва вазирлик масъулларига мурожаат қилди. Бу сафар ҳолат юзасидан “жонли” муносабат билдирилишини сўрадик.
Яшнободдаги ҳолат бўйича МТВнинг Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Елена Герасимовна Тен қуйидагича жавоб берди:
Бу хабар зудлик билан ўрганилди. Тумандаги МТМлар мудирлари билан йиғилиш ўтказдик. Уларнинг кўрсатмасига атрофидагилар таъсир ўтказмаслиги учун индивидуал суҳбатлар ҳам бўлди. Вилоят Акромова билан суҳбатда воқеаларнинг тўлиқ изчиллиги тикланди. Узоқ давом этган суриштирувдан кейин бирорта мудира сохта маҳсулот сотиб олмагани аниқланди. Кўпчилик ўша аудио Telegram`даги гуруҳга жуда кеч юборилганини, унда айтилганларни бажаришга улгурмаганини билдирди. Уларнинг аксарияти аудиохабар узунлиги сабаб уни охиригача эшитмаганини ва унда маҳсулот сотиб олиш кераклиги айтилганини билмаган. Боғча мудиралари тасвирга олиш ишлари бўлиши айтилгани, ҳудуд тартибга келтирилиши кераклиги ҳақида кўрсатма келганини айтди.
Теннинг сўзларига кўра, МТМда меъёрдан ортиқча маҳсулотнинг сақланиши аввало мудиранинг ўзи учун муаммо туғдиради.
“Текширувлар якунида бу хабарлар ўз тасдиғини топмади. Агар, тасдиғини топганда вазирлик жиддий чоралар кўрган бўларди. Биз ўз ресурсларимиз орқали буни маълум қилдик”, деди Елена Герасимовна Тан.
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ҳам ўтказилган текширув бўйича ўз фикрини билдирди. Унга кўра, текширув Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда олиб борилган.
“Бу масалани биз вазирликдагина эмас, балки Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва айнан, Яшнобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари (таҳр. Шерзод Зуфаров) билан бирга кўриб чиқдик”, деди вазир.
Қизиқ, бирор масала можаро марказида турган шахс билан ҳам кўриб чиқиладими? Бу мантиққа тўғри келмайдику. Ҳеч ким ўз хатосини “ҳа, мен шу хатони қилдим”, деб тан олмайди. Наҳот, вазир шу оддий ҳақиқатни билмаса? ёки била туриб, кўз юмяптими? Аудиоёзув бўлмаган-да ҳам бошқа гап эди. Факт бор, муаммо аниқ бироқ чора кўрилмаган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу ҳолат бўйича Яшнобод туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зуфаровга чора кўрилишини маълум қилганди. Аммо ҳанузгача бирор чора кўрилгани ҳақида расмий маълумот берилмади.
Агриппина Шин вазиятни шахсан назорат қилганини, маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. Лекин бизда ҳолат бўйича инкор қилиб бўлмайдиган далиллар бор.
Мақсадимиз Мактабгача таълим бўлимларини ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва бошқа ўзбилармон амалдорлар тазйиқидан ҳимоя қилиш. Аммо бундай ҳолатларнинг ёритилиши ёлғон ва асоссиз деб топилиши кишини ҳайратлантиради ва ачиниш ҳиссини уйғотади.