Эртакни кимга айтяпсиз?
Жамият
−
08 Июль 2019
15609Ўтган ҳафта QALAMPIR.UZ`да Яшнобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зуфаров ва туман Мактабгача таълим бўлими бошлиғи Вилоят Акромованинг телефондаги ўзаро суҳбати акс этган аудионутқ бўйича журналистик суриштирув эълон қилинган эди.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар МТБ ҳамкорлигида махсус комиссия тузилди. Ҳокимлик бундай ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиши, лозим бўлса, мансабдорлар ишдан бўшатилишини маълум қилган бир пайтда Мактабгача таълим вазирлиги қайд этилган ҳолатга кутилмаган ва "жонсиз" муносабат билдириб чиқди.
Мактабгача таълим вазирлиги расмий баёнотида шундай дейилади:
“2019 йил июлида интернет тармоғида аудио хабар кенг тарқалди. Унда Яшнобод тумани ҳоким ўринбосари томонидан Яшнобод туман мактабгача таълим бўлими мудирига барча мудирларни тонг саҳарлаб айтилган жойга олиб чиқиш ҳамда назорат қилувчи идоралар учун маълумотларни сохталаштириш мақсадида қўшимча янги маҳсулотлар харид қилиш топшириғи берилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз ходимига нисбатан хизмат текшируви бошлангани ҳақида хабар берди.
МТВ ҳам вазиятни ўрганиб чиқди. МТВ аудиторлари ҳамроҳлигидаги ишчи гуруҳи Яшнобод тумани МТТларни айланиб чиқди ва режадан ташқари текширув ўтказди. Белгиланган қоидаларга мувофиқ, маҳсулотлар хариди ҳисоб варағи сақланган ҳолда ва фақат туман МТБ марказий бухгалтерияси орқали шаффоф амалга оширилиши керак. Текширув чоғида харид қоидаларининг бузилиши ҳамда маҳсулотларни ўз ҳисобидан ёхуд мулозимлар буйруғи билан харид қилиш ҳолати аниқланмаган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, май ойида рўй берган ушбу ҳолатда ҳам сохталаштирилган харид амалга оширилмаган”.
Шу ўринда савол туғилади: қизиқ, Мактабгача таълим вазирлиги бу баёнотни беришдан аввал МТМ мудираларининг шахсий кармонини ҳам текширувдан ўтказдимикан? Норасмий берилган топшириққа, албатта, бюджетдаги пуллар ишлатилмайди, бунинг учун ҳисоб варағи ҳам тутилмайди. Устига-устак улар олиб келган маҳсулотларини текширув келиб-кетгач уйига олиб кетиши мумкин бўлгандан кейин, қанақасига ҳисоб варағи асосида маҳсулот харид қилсинлар? Бўлмаса, давлат бюджетидан МТМ учун олинган маҳсулотларни уйига олиб кетган бўлиб қолади-ку. Бу мактаб ўқувчисига ҳам кундек равшан бўлиб турган ҳолат, ахир. Бугунгача мактаб ва боғча раҳбарлари таъмирга бўёқни, ҳовлига экиладиган гулни ҳисоб варағидан харид қилганмидики, текширувчини кўзини шамғалат қилиш учун келтирилиши керак бўлган маҳсулотларни бухгалтер гувоҳлигида ҳисоб варағи билан олса... Эртакни кимга айтяпсиз?
Баёнотда туман мактабгача таълим бўлимининг ҳоким ўринбосарига итоаткорлигига нисбатан берилган таъриф эса одамни қитиқлайди.
“МТВ ишчи гуруҳи олиб борилган ҳаракатлар натижасида шундай хулосага келдики, МТТ мудири ўзининг тутиши – қатъий субординация одати натижасидир. Бу унинг туман ҳокими ўринбосари сўзларига ўйланмай итоаткорликда жавоб қайтарганлигида кўринади. Бироқ, бу у томонидан бу кўрсатмаларининг бажарилганини англатмайди”, дейилади баёнотда. Хўш, буни қандай исботлайсиз? Субординация эмиша... Ҳоким ўринбосаригаки шу қадар итоат бўлса, ҳокимнинг ўзи билан суҳбатни тасаввур қилса бўлади. Мактабгача таълим бўлими мудири Вилоят Акромова QALAMPIR.UZ билан суҳбатда ҳоким ўринбосари билан мулоқоти ёзиб олинган аудиони ўзи МТМ мудираларининг Telegram`даги гуруҳига ташлаганини айтганди. Модомики, у фақат итоат ва хўп-хўп билан қутулган, айтилган ишни бажармаган бўлса, нега бу суҳбатни ёзиб олади ва Telegram`даги гуруҳга нега ташлайди? Туман ҳокими ўринбосарига, жумладан раҳбарларга қандай итоат қилишни кўриб қўйинглар дейиш учунми? Яъни Вилоят Акромованинг тинимсиз хўплаши, ҳоким ўринбосарининг бу тарзда қатъий буйруқ бериши ва оҳангидан кўриниб турибдики, бу ҳол биринчиси эмас. Қолаверса, Вилоят Акромова QALAMPIR.UZ таҳририятига ташрифи, журналистлар билан мулоқоти давомида бундай топшириқлар бўлиб туришини тан олиб, буни табиий ҳол сифатида баҳолаган.
Мактабгача таълим вазирлиги масаланинг моҳиятига етмади чоғи, гуруч қолиб, мошга ёпишди. Матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармаси томонидан МТМларда озиқ-овқатлар сифати устидан назоратни кучайтириш мақсадида чоралар ишлаб чиқилганини таъкидлади. Журналистик суриштирувда гап озиқ-овқат сифати ҳақида эмас, кўзбўямачилик, МТМ мудираларининг текширув келганда омборни тўлдириб қўйиши ва кеч тушганда олиб келган маҳсулотларини уйига олиб кетиши, бу юзасидан буйруқни эса туман ҳокими ўринбосари бераётгани ҳақида кетаётганди. МТВ бир масалани ҳал этмай туриб, иккинчисига ёпишяпти. Ким билади, яна қанчадан қанча туманларда Мактабгача таълим бўлими мудирлари ҳоким ва унинг ўринбосарларининг оғзидан чиққанини муҳайё қилиш билан банд экан...
Дарвоқе, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси Мактабгача таълим ташкилотида озиқ-овқатлар сифати устидан назоратни кучайтириш мақсадида қуйидаги чораларни ишлаб чиқди:
“1. Ички фойдаланиш учун Telegram-канал ташкил этилиб, унинг воситасида Тошкент шаҳар МТББда маҳсулотлар сифати ва таомлар тайёрланишини назорат қилади. Тошкентнинг барча МТТларда ҳар куни ушбу каналга фото ва видео материаллар юборади.
2. Ота-оналар билан МТТда таомлар сифатига доир сўровлар ва доимий учрашувлар амалиёти жорий қилинмоқда”.
Мактабгача таълим вазирлиги баёнотида таъкидланишича, МТВ шаҳар ва туман ҳокимият идоралари – ҳокимликлар билан пойтахт ва вилоятларда МТТлар аҳволини яхшилаш соҳасида қалин ҳамкорлик қилмоқда ва келгусида ҳамкорликни давом эттиришни мақсад қилган.
Вазирлик баёнот сўнггида асл мақсадини янада очиқлади. Жумлалалардан шуни пайқаш мумкинки, журналистик суриштирув ва бошқа турдаги ахборотларни МТВ ахборот хуружи деб атаган. (!)
“ОАВда эълон қилинган аудиоёзув ва бошқа турдаги ахборот хуружлари икки тузилма ўртасидаги келишмовчиликка сабаб бўлмаслиги керак. Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги ўзларининг функционал мажбуриятларини бузган ва болалар саломатлигини хавф остига қўйган раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар қўллашда давом этади. Ҳокимиятлар ва ҳудудий бўлинмаларнинг уйғун ҳамкорлиги натижасидагина жойлардаги ислоҳотлар ўз самарасини беради”.
Биз ОАВ ўлароқ Мактабагача таълим вазири буйруғи билан лавозимга тайинланган туман мактабгача бўлим мудирлари ва улар ортидан МТМ мудираларини ҳоким ва ҳоким ўринбосарларининг тазйиқлари, кўзбўямачиликка йўғрилган буйруқбозлигидан нари тутишга ҳаракат қилсагу шунча меҳнатимиз, ОАВнинг тўртинчи ҳокимият бўлиш, Президент топшириқларини бажариб, унга ёрдам бериш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ахборот хуружи деб баҳоланса... Бундан чиқди ҳокимиятлар ва ҳудудий бўлинмаларнинг уйғун ҳамкорлиги натижаси кўзбўямачилик ва ОАВ бунга жим қараб туриши экан-да? Гапирсанг бир дард, гапирмасанг яна бир дард!
Яшнободдаги ҳолатга хулоса қилмаймиз...
Шу ўринда Яшнобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зуфаров ва туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Вилоят Акромованинг суҳбатини яна бир бор эшитиб кўришни тасвия этамиз.
LiveБарчаси