“Моссад” раҳбари ҲАМАС билан келишиш учун Қатарга боради
Олам
−
16 Ноябрь 2023
7130Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати раҳбари Давид Барнеа гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувнинг якуний версиясини муҳокама қилиш учун яқин орада яна Қатарга ташриф буюриши мумкин. Бу ҳақда Исроилнинг “Yediot Ahronot” газетаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув шу ҳафта охиригача тузилиши мумкин. Агар бу содир бўлса ва унинг режаси Исроил Вазирлар Маҳкамаси аъзолари томонидан маъқулланса, келишув бир ёки икки кун ичида эълон қилинади.
Таъкидланишича, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар жуда қийин кечмоқда, чунки томонлар кўп жиҳатлар бўйича ён беришни истамайди. Хусусан, Исроил ҲАМАС хоҳлаган беш кунлик сулҳ эълон қилишдан бош тортган, ҲАМАС эса бунга жавобан, озод қилишга тайёр бўлган гаровга олинганлар сонини 80 кишидан 50 кишига қисқартирган.
Бундан ташқари, Исроил болаларни фақат оналари билан бирга қўйиб юборишни, гаровга олинган кексаларни озод қилишни талаб қилмоқда, бироқ ўз қамоқхоналаридаги кекса фаластинлик маҳбусларни озод қилишга рози эмас – бунга жавобан ҲАМАС исроиллик кексаларни озод қилишдан бош тортди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 ноябрь куни музокаралар боришидан хабардор расмийга таяниб, “Reuters” Қатар воситачилари ҲАМАС ва Исроил ўртасида уч кунлик сулҳ эвазига гаровга олинган 50 га яқин тинч аҳолини озод қилишни ўз ичига олган келишувга эришишга яқин турганини хабар қилганди.