Москвага 8 кун ичидаги тўртинчи дрон ҳужуми уюштирилди
Олам
−
01 Август 2023
9910Бугун, 1 августга ўтар кечаси Москвага яна дрон ҳужуми уюштирилди. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар берди.
Россия Мудофаа вазирлиги дрон ҳужуми тўхтатилгани, Москва вилояти осмонида иккита қурилма йўқ қилингани, яна бири “Москва Сити” мажмуаси ҳудудига қулаганини маълум қилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, “City IQ” минорасида учувчисиз самолёт ҳужуми оқибатида бинодаги 150 метрлик ойна синган.
Москва вилоятидаги Одинцово ва Наро-Фоминск шаҳарлари аҳолисидан учувчисиз самолётлар ва ҳаво мудофааси тизимининг ишлаши ҳақидаги биринчи хабарлар тахминан соат 3:30 да кела бошлаган. Шунингдек, Москва яқинидаги Кубинка шаҳри аҳолиси ҳам осмонда портлаш овозлари эшитилаётганини айтган.
Кейинроқ фавқулодда хизматлар Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Москва вилоятида битта учувчисиз учиш аппаратини уриб туширгани ҳақида хабар берган. Қурбонлар ва жароҳат олганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Россия пойтахти Москвага 24, 28 ва 30 июль кунлари ҳам дронлар ҳужуми уюштирилганди. Кеча, 31 июль куни мансабдор шахслар, раҳбарлар ва бошқа ходимларга ихтиёрий равишда масофадан ишлаш таклиф қилинди. Чунки 30 июль кунига ўтар кечаси “Москва Сити”нинг Рақамли ривожланиш вазирлиги жойлашган “IQ-квартал” минорасининг 11 ва 12-қаватларига дрон келиб урилди. Шунингдек, ушбу бинода Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Саноат ва савдо вазирлиги ва бошқа вазирликлар жойлашган.
LiveБарчаси