Москвадаги терактни ИШИД уюштиргани айтилмоқда
Олам
−
23 Март
12865Россия пойтахти Москва шаҳрида жойлашган “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган теракт учун жавобгарликни “Исломий давлат” (ИШИД) террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.
“The New York Times” ҳам масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олгани ҳақида ёзмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, АҚШ расмийлари бу баёнотни [ИШИДдан] тасдиқлаган.
Газетанинг ёзишича, Америка расмийлари март ойида Афғонистонда жойлашган “Исломий давлат-Хуросон” гуруҳи Москвада ҳужум уюштирмоқчи бўлгани ҳақида “разведка маълумотлари” тўплаган. Март ойида Федерал хавфсизлик хизмати Москвадаги синагогага ҳужум уюштиришни режалаштираётган “Вилоят Хуросон” террор ташкилоти аъзоларини йўқ қилгани ҳақида хабар берган эди.
Саудия Арабистонида жойлашган “Al Arabiya” телеканали ҳам ҳам Крокус ҳужуми учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олгани ҳақида хабар берди. Бироқ расмий Москва ва оммавий ахборот воситалари терактни ИШИД уюштиргани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаганича йўқ.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 март куни кечаси Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар отишма бошлади, бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди.
Баъзи маълумотларга кўра, камида уч киши бўлган қуролланган шахслар ўт очган. Айни вақтгача қурбонлар сони 60 дан ошди.
Бинонинг учдан бир қисми ёниб кетган, атрофни қуюқ қора тутун қоплаган. Ўт ўчирувчилар одамларни том орқали олиб чиқишга муваффақ бўлган ва 100 га яқин одам эвакуация қилинган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш қўзғатди.
Ҳозирда терактдан кейин шифохоналарда 110 нафар катталар ва 5 нафар бола ётибди, 60 нафар катталарнинг аҳволи оғир. Бу ҳақда Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев теракт муносабати билан Президент Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги терактни қоралади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси теракт оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь