Исроилнинг айёрлиги, алданган Туркия, боши қотган Зеленский ва учаётган Tesla
Таҳлил
−
18:58 995 16 дақиқа
Бир пайтлар Россияни санкциялар билан тиз чўктирмоқчи бўлган Вашингтон ҳам бугун Москва билан ёнилғи савдосини йўлга қўймоқда. Украинага бостириб кирган Кремлга қарши иқтисодий босим юмшатилиши эвазига америкаликларга арзонроқ дизель ваъда қилинмоқда. Табиийки, бу Зеленскийга ҳам, Европага ҳам ёқмади. Хўш, аллақачон “моғорлай бошлаган” Украинадаги урушда нима янгиликлар?
Яндекс ҳам навбатдаги нишонга айланди. Киевнинг дрон ҳужумлари Россия Google’ини фалажлаб қўйди. Нафақат Россия, балки деярли бутун МДҲ давлатлари аҳолисининг кундалик ҳаётига жиддий зарба бўлди.
Туркияда ҳам одамлар ишга ёки ўқишга боролмай қолди. Бунга эса ўтган 80 йил мобайнидаги энг кучли ёғингарчилик сабаб. Ижтимоий ҳаёт ҳам, иқтисодиёт ҳам издан чиққан.
Исроил Президенти Туркия узра “яширин” парвозни амалга оширди. Озарбайжонда ўтказилган саммитга яҳудийлар делегацияси оддий йўловчи ташувчи самолётда борди. Исроил учун ҳаво ҳудудлари ёпиқ бўлган Туркиянинг бунга муносабати қандай? Бокучи?
Ҳафта давомида содир бўлган энг муҳим тафсилотлар билан Qalampir.uz’нинг бу галги ҳафта дайжестида танишасиз.
“Сакровчи” автомобиль
Келажак аллақачон шу ерда. Ҳафта сўнгига келиб ижтимоий тармоқларда том маънода сальто отадиган автомобилнинг видеолари вирус каби тарқалмоқда. Гап шундаки, Тошкент вақти билан 16 октябрь куни Илон Маскнинг Tesla компанияси SpaceX технологиялари билан жиҳозланган янги авлод Roadster электроспорткарини намойиш этди. АҚШнинг Техас штатидаги Макгрегор шаҳрида бўлиб ўтган тақдимотда намойиш этилган автомобилнинг имкониятлари интернетда вирусдек тарқалмоқда.
Янги Roadster’нинг энг ноодатий жиҳати – унинг SpaceX технологиялари асосида ишлаб чиқилган сиқилган газли тезлаткичлари ва кузов остидаги махсус вентиляторлар тизимидир. Тақдимот давомида автомобиль махсус йўлакдан ҳаракатланиб, юқорига кўтарилган. Автомобиль деярли 180 градусга айлангач, махсус газ пуфловчи қисмлар ишга тушган ва сальто олиб, ерга ғилдираклари билан тушган.
Бундан ташқари, шоу давомида Roadster тўғридан тўғри кетма-кет тизиб қўйилган бешта автомобиль томон ҳаракатланади. Яқинлашиб қолган лаҳзада у кузов остида жойлашган пуркагичлар орқали сиқилган газни чиқаради, бунинг эвазига ҳавога кўтарилиб, тўсиқлар устидан атлетлар каби сакраб ўтади. Маълум қилинишича, трюкларни бажариш вақтида автомобиль ичида ҳайдовчи бўлмаган. X тармоғида эса компания эгаси Илон Маск автомобилнинг тақдимотидан парча қўйиб, “Афтидан, келажакда учар автомобиллар бўлади”, деб ҳазиломуз пост жойлаган.
Tesla маълумотига кўра, Roadster соатига 0 дан 96,6 километр тезликка бир сониядан камроқ вақт ичида чиқа олади. Маскнинг ўзи эса автомобилнинг серияли версияси бундан ҳам тезроқ бўлиши мумкинлигини айтган. Ишлаб чиқаришни бошлаш 2028 йилга режалаштирилган. Шу билан бирга, тадбиркор Roadster’дан фойдаланишга ҳамма мамлакатларда ҳам жамоат йўлларида рухсат берилмаслиги мумкинлигини билдирган. TechCrunch хабарига кўра, намойиш этилган тизим 10 та газли тезлаткич ва 600 литр сиқилган ҳаво захирасидан фойдаланади.
Лойиҳа автомобилсозлик учун инқилобий бўлиши мумкин бўлган технологияларни намойиш этган бўлса-да, Roadster’нинг оммавий ишлаб чиқарилишигача ҳали анча вақт бор. Tesla ишлаб чиқаришни 2028 йилда бошлашни режалаштирмоқда. Компания автомобилнинг якуний сотув нархини эълон қилмаган, бироқ буюртмалар учун брон тўловлари кўрсатилган: Performance версияси учун 50 минг, Thrust версияси учун эса 250 минг доллар. Rocket деб номланган махсус версия фақат таклиф асосида тақдим этилиши айтилган.
Яндексга ҳужум
Аввал ҳарбий базаларга, кейин энергетик инфратузилмаларга, ундан кейин Wildberries ёки Ozon каби тижорат объектларига ва ана энди эса навбат “Россиянинг Google”ига келди. Украинанинг Россия ичидаги инфратузилмага қарши ҳужумлари янги босқичга чиқди. 2026 йил 8–11 октябрь кунлари Украина дронлари Россиянинг Рязань, Калуга ва Владимир ҳудудларидаги Яндекс маълумотлар марказларига кетма-кет зарбалар берди. Натижада учта марказнинг фаолияти издан чиқди, компаниянинг бир қатор хизматларида узилишлар кузатилди. Ҳужумларнинг оқибатлари нафақат Россияга, балки бутун Яндекс тизими кириб борган давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга ҳам етиб келди.
Дастлабки ҳужум 7 октябрдан 8 октябрга ўтар кечаси Рязань вилоятининг Сасово шаҳридаги маълумотлар марказига амалга оширилди. Зарба оқибатида ёнғин чиқиб, объект фаолияти тўлиқ тўхтади. Бу марказда Яндекснинг YandexGPT сунъий интеллект моделини ўқитишда фойдаланиладиган учта суперкомпьютеридан иккитаси жойлашгани хабар қилинган.
Навбатдаги дрон зарбалари 9 октябрь куни содир бўлди. Шу куни компаниянинг энг кучли дата-маркази — Калуга шаҳридаги бўлимга ҳужум қилинган. Майдони қарийб 130 минг квадрат метр бўлган ушбу мажмуанинг бир нечта модули бутунлай ишдан чиқди.
11 октябрда эса Владимир шаҳридаги учинчи марказ ҳам дронлар зарбасига учраб, фаолиятини тўлиқ тўхтатган. Шу билан бирга, ҳудуддаги инфратузилмага етган зарар электр энергияси билан 5 мингга яқин аҳолини таъминлайдиган иккита подстанция фаолиятига ҳам таъсир кўрсатди. Яндекснинг учта маълумотлар маркази тўрт кун ичида ишдан чиқди ёки қисман фаолиятини йўқотди.
“Яндекс” матбуот хизмати ҳужум оқибатида компаниянинг айрим хизматлари ишламай қолганини маълум қилган. Мониторинг хизматларига “Яндекс Go”, “Яндекс Pay”, “Яндекс Музыка”, “Кинопоиск” ва “Алиса билан уй” хизматлари фаолиятида узилишлар кузатилгани ҳақида фойдаланувчилардан шикоятлар келиб тушгани қайд этилган.
Муаммолар кўлами шу қадар кенгайиб кетдики, тармоқдаги узилишлар Сербия, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қирғизистон, Қозоғистон ва ҳатто Ўзбекистонда ҳам такси хизматлари, овқат буюртма қилиш ва онлайн харид қилишда қатор носозликларни келтириб чиқарди. Бу эса ресторанлар, курьерлар, такси хизматлари ва бошқа бизнеслар учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди.
Компания тез орада тизимлар қайта ишга туширилганини, кўплаб муаммолар бартараф этилганини, бошқалари учун эса техник қурилмалар импорт қилинаётганини маълум қилди. Аммо мутахассислар фикрича, Россия билан савдо қилишга қўйилган чекловлар туфайли тармоқнинг ўзини қайта тиклаши қийин кечади. Санкциялардан қўрқмайдиган таъминотчиларни топиш осон эмаслиги айтилмоқда. IT мутахассиси Михаил Климаревнинг “Reuters” агентлигига берган интервьюсига кўра, зарар кўрган чипларни алмаштириш узоқ вақт талаб қилиши мумкин.
“Ускуналар импорт қилинмоқда, аммо бу билвосита йўллар орқали юқори нархда амалга оширилади. Биринчидан, кимдир уни сизга сотишга тайёр бўлиши ва санкциялардан қўрқмаслиги учун музокара олиб боришингиз керак”, деди у.
Хўш, Украина бу ҳужумлар орқали нимага эришмоқчи? BBC хабарига кўра, Киев мазкур зарбаларни Россиянинг Украина ҳудудидаги интернет ва маълумотлар инфратузилмасига қарши ҳужумларига жавоб сифатида кўрмоқда. Украина томонининг ҳисоб-китобига кўра, Россиянинг йирик технологик инфратузилмасига зарар етказиш Москванинг ресурсларини хизматларни тиклаш ва йўқотишларни қоплашга йўналтиришга мажбур қилиши мумкин.
Ҳужумларнинг аниқ иқтисодий қиймати ҳам ҳозирча маълум эмас. Шунга қарамай, оқибатлар жиддий: Yandex Cloud булутли платформаси фавқулодда иш режимига ўтказилган, айрим хизматларда узилишлар кузатилмоқда. NetBlocks мониторинг ташкилоти 11 октябрда Yandex Cloud тармоғининг уланиш даражаси одатдаги кўрсаткичнинг атиги 30 фоизига тушганини қайд этган.
Ҳужумлар таъсирини Ўзбекистон фойдаланувчилари ҳам ҳис қилди. 11 октябрь куни эрталаб Yandex Go иловасида носозликлар кузатилган: фойдаланувчилар такси чақириш, йўл ҳақини кўриш ва автобуслар ҳаракатини кузатишда муаммоларга дуч келган. Айрим ҳайдовчилар Yandex Pro иловасини очолмаган, курьерлар ҳам узилишлар ҳақида хабар берган. Detector404 мониторинг хизмати Yandex Go тармоғидаги носозликлар соат 6:00 атрофида бошланганини, тахминан 7:00 га келиб эса носозлик кўрсаткичи 100 фоизга етганини қайд этган.
Yandex Uzbekistan компанияси маҳаллий хизматлардаги муаммоларни Россиянинг Владимир шаҳридаги маълумотлар маркази фаолияти тўхташи билан боғлиқлигини тан олди. Компания тушунтиришича, Яндекс каби мураккаб хизматлар тақсимланган ҳисоблаш инфратузилмасидан фойдаланади, яъни вазифаларнинг турли қисмлари турли мамлакатлардаги серверларда бажарилади. Бир ҳудуддаги узилиш бошқа давлатлардаги айрим функцияларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
14 октябрга келиб, Ўзбекистонда Yandex Go ва бошқа хизматлар босқичма-босқич тикланаётгани билдирилди. Бироқ айрим тўловларда хатолик ва кечикишлар сақланиб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.
Украинани “бўғишмоқда”
Кутилмаган келишув: Вашингтон Москва билан дизель ёқилғиси савдоси бўйича келишув эълон қилди, Дональд Трамп Владимир Зеленскийни президентликдан кетишга ундади, Россия ва Украина ўртасида энергетик сулҳ эълон қилинган бўлса-да, зарбалар давом этди, Starlink билан муаммолар ҳам Киевга босим ўтказмоқда. Воқеалар ривожидан бошингиз айланиб қолмаган бўлса, ўтган бир ҳафта давомида Трамп қандай қилиб “тинчликни таъминламоқчи” эканлиги-ю, Путин нега муддатидан олдин ғалабасини нишонламоқчилиги ва икки ўт орасида қолган Зеленский ҳақида гаплашамиз.
Ҳаммаси жорий йилнинг 10 октябрь куни Трампнинг Россия Президенти Владимир Путин билан суҳбатидан ортда эълон қилган дизель келишувидан бошланди. АҚШ раҳбарининг айтишича, Россия Америка ва жаҳон бозорларига дастлаб 300 минг тоннадан ортиқ дизель ёқилғиси етказиб беришга тайёр. Ноябрь ойида яна 500 минг тонна, ундан кейин эса 1 миллион тонна салярка экспорт қилиниши режалаштирилган. Кейинги етказиб бериш ҳажми Россиядаги нефтьни қайта ишлаш заводларининг ҳолатига боғлиқ бўлиши мумкин. Шу билан бирга, АҚШ Молия вазирлиги Россия дизелини олиб киришга доир чекловларни вақтинча юмшатиб, тегишли операцияларга 2027 йил 7 апрелгача рухсат берди. Келишувнинг ортида АҚШдаги ёқилғи нархларини пасайтириш, айниқса, 3 ноябрда бўлиб ўтадиган Конгресс сайловлари олдидан иқтисодий босимни юмшатиш мақсади тургани айтилмоқда.
Киев эса табиийки, бу келишувни тинчликка хизмат қиладиган қадам эмас, балки Москва учун иқтисодий имконият деб баҳолади. Украина Президенти Владимир Зеленский Россияга қарши санкцияларни юмшатишни «заифлик белгиси» деб атаб, нефть маҳсулотлари савдосидан тушадиган даромад урушни давом эттиришга сарфланиши мумкинлигини таъкидлади.
“Россия билан кескинликни очиқ ва доимий равишда камайтиришни назарда тутувчи келишувсиз унга қарши санкцияларни юмшатиш очиқ заифлик белгисидир. Бу Россияга фойда келтиради: унга кўпроқ одамларни ўлдириш, урушни узоқроқ давом эттириш, Американи янада камроқ ҳурмат қилиш ҳамда дунёга кўпроқ талафот ва зарар етказиш имконини беради”, деган у.
Трамп эса бунга қарама-қарши позицияда эканлиги кўриниб турибди. У Зеленскийни Россия нефтьни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилиш орқали жаҳон бозоридаги ёқилғи таъминотига халақит бераётганликда айблади. Америкалик оддий фермернинг саляркани қимматга олишига айнан Киев раҳбари сабаб бўлаётгани, сулҳ тузишга имконият кўп бўлса-да, айнан Зеленский буни рад этаётганини айтиб, Украина раҳбарини кескин танқид қилди.
Шунингдек, АҚШ раҳбари 10 октябрь куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Украина учун янги президент сайлаш вақти келганини айтди. Бу баёнот Вашингтон ва Киев ўртасидаги зиддиятни янада кучайтирди.
“Менимча, Украина учун янги Президент сайлаш вақти келди… Менимча, улар келишувга эриша оладиган янги раҳбар сайлашлари керак. Чунки у кўплаб келишувларга эришиши мумкин эди, аммо негадир буни ҳеч қачон қилмайди”, деган у.
Зеленский эса сайлов масаласида қарор украиналикларнинг ўзига тегишли эканини таъкидлади. 11 октябрь куни у Россия Президенти Владимир Путин 60 кунлик тўлиқ сулҳга рози бўлса, Украинада сайловлар ташкил этишга тайёрлигини билдирган.
Аслида, Украинадаги охирги президентлик сайлови 2019 йилда бўлиб ўтган ва унда Владимир Зеленский ғалаба қозонган эди. Президентнинг расмий ваколат муддати 5 йил бўлгани сабабли Украина қонунчилигига кўра, кейинги сайловлар 2024 йилда ўтказилиши керак эди. Аммо Украинада 2022 йил февралидан бери ҳарбий ҳолат амал қилмоқда ва амалдаги қонунчилик бундай шароитда сайлов ўтказишни тақиқлайди. Бундан ташқари, фронтдаги ҳарбийлар, хорижда яшаётган миллионлаб украиналиклар ҳамда Россия назоратидаги ҳудудларда қолган аҳоли учун овоз беришни хавфсиз ва қонуний ташкил этиш осон эмас. (Путиннинг ўзи 26 йилдан бери Россия раҳбари.)
11 октябрь куни Трамп Россия ва Украина энергетика объектларига ҳужумларни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини ва сулҳ дарҳол кучга киришини эълон қилди. Аммо муаммо шундаки, Москва ҳам, Киев ҳам бундай келишувнинг аниқ шартларини расман тасдиқламаган эди. Зеленский Вашингтондан тафсилотларни кутаётганини билдирган.
14 октябрь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков энергетик сулҳнинг доираси ҳали аниқ белгиланмаганини, бу йўналишдаги ишлар давом этаётганини айтиб баёнот берган. Шунингдек, айни пайтда Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги еттита энергетика объектига зарба берилганини маълум қилди. Киев эса Россия ҳужумлари давом этаётганини билдирган.
15 октябрь куни Украина ҳам Россиянинг Рязань вилоятидаги нефтьни қайта ишлаш заводига зарба берди ва бу қадамни Москва энергетик сулҳга риоя қилмагани билан изоҳлади. Натижада Трамп эълон қилган сулҳнинг амалда ишлаётганини тасдиқловчи аниқ механизм мавжуд эмаслиги аён бўлди.
Вашингтон ва Киев ўртасидаги зиддиятнинг яна бир муҳим кўриниши эса Starlink билан боғлиқ вазиятда намоён бўлмоқда. 14–15 октябрь кунлари Украина ҳарбийлари сунъий йўлдош алоқа тизимидан фойдаланишда янги чекловларга дуч келганини маълум қилган. Гап, аввало, Starlink негизида яратилган ва АҚШ ҳукумати назоратидаги ҳарбий алоқа тизими – Starshield ҳақида бормоқда. “Associated Press” нашри хабарига кўра, айрим терминаллар соатига 160 километрдан юқори тезликда ҳаракатланганда алоқани йўқотадиган чекловга дуч келган. Тезлик чеклови эса Украина қурилмаларининг самарадорлигини пасайтириши мумкин. Украина расмийлари чеклов ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаганини айтган.
SpaceX асосчиси Илон Маск Starshield АҚШ ҳукумати назоратида эканини, ундан фойдаланиш шартларини Америка ҳарбийлари ва охир-оқибат президент белгилашини таъкидлади. “Reuters” ахборот агентлиги эса чеклов бўйича кўрсатма Оқ уйдан келганини америкалик расмийларга таяниб хабар қилди.
“Starshield тизимлари АҚШ ҳукуматига тегишли ва улар томонидан назорат қилинади. Тезлик ёки фойдаланиш бўйича ҳар қандай чекловлар АҚШ ҳарбийлари ва охир-оқибат АҚШ президенти томонидан белгиланади”, деди Маск Дональд Трампга ишора қилиб.
16 октябрга келиб, айрим алоқа узилишлари бартараф этилгани билдирилган бўлса-да, тезлик чеклови сақланиб қолган. Украина расмийлари АҚШ ҳукумати ва SpaceX билан музокараларни давом эттираётганини маълум қилди.
Истанбулни сув босди
Туркиянинг 16 миллионга яқин аҳолиси истиқомат қиладиган Истанбул шаҳри сўнгги 84 йил ичидаги энг кучли ёғингарчиликлардан бири оқибатида сув остида қолди. 2026 йил 14 октябрь куни бошланган кучли жала кўчалар, ерости йўллари, метро бекатлари, тураржойлар ва савдо объектларини сув билан тўлдирди. Сув оқими автомобилларни оқизиб кетди, транспорт ҳаракати издан чиқди, минглаб фуқаролар қутқарувчилардан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. 16 октябрь ҳолатига кўра, табиий офат оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши бедарак йўқолган. Дастлабки ҳисоб-китоблар зарарнинг кўламини кўрсатаётган бўлса-да, унинг умумий иқтисодий қиймати ҳозирча эълон қилинмаган.
Истанбулда 14 октябрь куни кучайган ёғингарчилик шаҳар ҳаётини фалаж қилди. Туркия Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи ҳодисани 1942 йилдан буён кузатилган энг йирик сув тошқинларидан бири деб атади. Ҳалок бўлганлар орасида сув тўпланган жойдан ўтаётганда электр токи урган 14 ёшли бола ва сув босган йўлда йиқилиб, бошидан жароҳат олган 34 ёшли эркак бор. Кейинчалик яна икки кишининг жасади топилган.
15 октябрь куни Истанбулнинг барча давлат ва хусусий таълим муассасаларида дарслар бекор қилинди. Айрим давлат хизматчиларига ишга чиқмасликка рухсат берилди, мотоциклларнинг ҳаракатланиши эса хавфсизлик нуқтаи назаридан тўхтатилган. Associated Press хабарига кўра, сув тошқинлари оқибатида йўлларда қолиб кетган 3 мингдан ортиқ киши хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.
Истанбул губернаторлигининг дастлабки маълумотларига кўра, 14 октябрь куни соат 06:00 дан 20:00 гача фавқулодда хизматларга 2 518 та мурожаат келиб тушган. Улар орасида 1 277 та сув босиши, 15 та кўчки ва 47 та одамларнинг хавфли ҳудудларда қолиб кетиши билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган.
Истанбулдаги вазият Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам аҳамиятлидир. 15 октябрь куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Истанбул, Ялова ва Кочаэли вилоятларида яшаётган ёки вақтинча бўлиб турган фуқароларни кучли ёмғир ва шамол хавфидан огоҳлантирган. Улардан заруратсиз сафарлардан тийилиш, пастқам ҳудудлар, ерости йўллари ва туннеллардан узоқ юриш ҳамда расмий огоҳлантиришларга амал қилиш сўралди.
“Яширин” парвоз ва Исроил омили
Анқара 2024 йилдан бери Исроил ҳукуматига тегишли самолётларнинг ўз ҳаво ҳудудидан ўтишига рухсат бермай келади. Аммо Исроил Президенти жорий йилнинг 15 октябрь куни Бокуда бошланиши белгиланган саммитга бир амаллаб бориши керак эди. Шундай фурсатда Озарбайжоннинг ўзи Исроилга ёрдам қўлини узатди.
Гап шундаки, Исроил Президенти Исхак Герцог 14 октябрь куни Тел-Авивдан Озарбайжон ҳаво йўлларига тегишли J222 рейси билан учган. Flightradar24 парвоз кузатуви маълумотларига кўра, Boeing 787-8 Dreamliner самолёти маҳаллий вақт билан соат 11:35 да ҳавога кўтарилиб, Боку вақти билан 15:40 да манзилга етиб борган.
Маълумотларга кўра, “Шуша” деб номланган самолёт Туркия ҳаво ҳудудидан ўтган. Исроил президенти сафарда ёрдамчиси ва кичик делегацияси билан бирга бўлган. Эътиборли жиҳати шундаки, бу махсус ҳукумат рейси эмас, балки бошқа йўловчилар ҳам фойдаланадиган мунтазам тижорий қатнов эди.
“Middle East Eye” нашрининг хабар беришича, Озарбайжон Туркия томонига Герцогнинг ушбу рейсда эканини маълум қилмаган. Шу билан бирга, Туркия ҳар бир хорижий йўловчи самолётининг бортидаги йўловчилар рўйхатини ололмаслиги ҳам қайд этилган. Вазиятнинг ўзига хослиги шундаки, 2024 йил ноябрида Туркия Герцогнинг расмий самолётига ҳаво ҳудудидан ўтиш учун рухсат бермагани сабабли унинг Бокудаги БМТ иқлим конференциясига ташрифи бекор қилинган эди. Бу сафар эса Исроил президенти оддий йўловчи рейсидан фойдаланиб, манзилига етиб олди.
Бокудан билдирилган муносабат эса анча кескин дейиш мумкин. Озарбайжон ҳукуматига яқин APA ахборот агентлиги орқали тарқатилган изоҳда Туркия ОАВда илгари сурилаётган даъволар асоссиз экани айтилди. Унга кўра, Герцог, унинг ёрдамчиси ва кичик делегацияси Боку-Тел-Авив-Боку йўналишидаги тижорий рейсга бошқа йўловчилар сингари чипта сотиб олган. Махсус самолёт ёки ғайриоддий парвоз ташкил этилмаган.
15 октябрь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (CICA) 7-саммитида вазият дипломатик тус олди. Герцог нутқ сўзлай бошлаганида Ҳоқон Фидан бошчилигидаги Туркия делегацияси, шунингдек, 10 дан ортиқ мамлакат вакиллари зални тарк этди.
Фидан ўз чиқишида Исроилнинг Фаластин халқига нисбатан сиёсатини танқид қилиб, фаластинликларнинг асосий ҳуқуқлари бузилаётган бир пайтда бу ҳолатга бефарқ қараб бўлмаслигини билдирган. Унинг таъкидлашича, муаммонинг барқарор ечими 1967 йилги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва суверен Фаластин давлатини ташкил этишдан иборат. Бу билан Анқара саммитдаги норозилигини очиқ намойиш эта олди.
Шу билан бирга, айни вазиятда Анқара ва Боку ўртасидаги муносабатларда ҳам муаммолар борлиги кўриниб қолди. Фидан 15 октябрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашувдан кейин икки давлат ўртасида айрим масалалар юзасидан қарашлар фарқ қилиши мумкинлигини тан олган. Бироқ бундай келишмовчиликлардан стратегик алоқаларни заифлаштириш учун фойдаланишга йўл қўймаслик кераклигини таъкидлади. У Туркия ва Озарбайжон муносабатларини «Бир миллат — икки давлат» тамойили билан изоҳлаб, икки томон муаммоларни ўзаро мулоқот орқали ҳал қилиши кераклигини билдирган.
“Бир миллат – икки давлат” тамойили барча соҳаларда ўз аксини топмоқда. Етакчиларимиз ўртасида бузилмас дўстлик ва қардошлик ришталари мавжуд. Бу ришталар жуда оғир дамларда, урушлар ва инқирозлар даврида синовдан ўтган”, дейди Фидан.
Шунингдек, Туркия ТИВ муаммони бўрттириб, тармоқларда иғво тарқатишга уринаётганларни ҳам танқид қилиб, “биз ўз муаммоларимизни ўзимиз ҳал эта оламиз” қабилида фикр билдирган.
“Биз – қадимий миллатмиз. Ўз муаммоларимизни эса кўп асрлик ўтмишимизга муносиб тарзда ҳал қиламиз: дастурхон атрофига ўтириб, уларни ўзимизга муносиб ва замонавий тарзда муҳокама қиламиз”, дейди у.
Шу ўринда Туркиянинг Исроил билан муносабатлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Анқара 2024 йилда Ғазодаги уруш ва гуманитар инқироз фонида Исроил ҳукуматига тегишли самолётларнинг ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишини чеклаган. Бундан ташқари, Туркия Савдо вазирлигининг маълумотига кўра, 2024 йил 2 майдан бошлаб Исроил билан барча товар гуруҳлари бўйича экспорт-импорт, эркин ҳудудлар ва транзит савдоси тўхтатилган. Туркия ҳукумати Исроилнинг Фаластин сиёсатини мунтазам танқид қилиб, мустақил Фаластин давлатини ташкил этишни талаб қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Фидан ва бошқа мамлакатлар вакилларининг Герцог нутқини бойкот қилиши Анқаранинг аввалдан маълум бўлган сиёсий позициясининг дадил давоми дейиш мумкин.
Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, ўтган бир ҳафта давомида эски муаммоларнинг янги қиёфалари кашф этилди. Инсоният ҳар қанча техник жабҳада илгариламасин, ибтидоий даврга хос уруш ва зўравонлик уни ҳануз тарк этгани йўқ.
Live
Барчаси