Москвадаги парадга борадиганлар маълум бўлди. МО Президентлари таклиф қилинмаган
Олам
−
07 Май 16843 2 дақиқа
Кремль матбуот хизмати Ғалаба кунини нишонлаш учун Москвага борадиган хорижий делегациялар раҳбарлари рўйхатини эълон қилди. Унда Марказий Осиё етакчилари йўқ.
Улар орасида:
- Абхазия президенти Бадра Гунба рафиқаси билан;
- Беларусь резиденти Александр Лукашенко;
- Лаос Президенти Тхонглун Сисулит;
- Малайзия Олий ҳукмдори султон Иброҳим;
- Словакия Бош вазири Роберт Фицо;
- Жанубий Осетия президенти Алан Гаглоев бор.
Бундан ташқари, байрамга Серб Республикасидан (Босния ва Герцеговина таркибидаги таъсисчи тузилма) уч нафар вакил: Президент Синиша Каран, ҳудудий тузилма Халқ скупштинаси (парламенти) раиси Ненад Стевандич ҳамда “Мустақил социал-демократлар иттифоқи” партияси раиси Милорад Додик бориши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян жорий йилнинг 9 май куни Москвада бўлиб ўтадиган Ғалаба парадига боришдан бош тортгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, бу йилги парад Украина дронлари хавфи сабабли анча қисқартирилди. Хусусан, илк бор ҳарбий техникаларсиз ўтказилиши маълум бўлди.
Ўтган йили Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Москвага борганлар орасида Хитой етакчиси Си Цзиньпин, шунингдек, Фицо ва Сербия Президенти Александр Вучич бор эди. Ўшанда жами 27 та давлат (жумладан, тан олинмаган ва қисман тан олинган ҳудудлар) раҳбарлари Россияга бориши тасдиқланган эди. Охирги лаҳзада Озарбайжон ва Лаос раҳбарлари Илҳом Алиев ва Тхонглун Сисулит иштирок этишдан воз кечганди. Марказий Осиё етакчилари, хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 2025 йилги парадда қатнашганди.
Live
Барчаси